20:52 / 09.12.2020
2259
Ўзбекистонда халқаро мототур ва велотур мусобақалари ўтказиш бўйича топшириқ берилди

9 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

«Бугунги кунда аҳолимизнинг бор-йўғи 19 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан қамраб олинган. Аксинча, носоғлом турмуш тарзи, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва нонни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари кўп учрайди.

Коронавирус инфекцияси, аввало, юрак-қон томир, нафас йўллари касаллигига чалинган, ортиқча вазнли фуқароларда оғир кечгани ҳаммага маълум. Бу ҳам соғлом турмуш тарзи ва спортнинг аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 октябрдаги фармонида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича жуда муҳим чора-тадбирлар белгиланган эди. Жумладан, туман марказлари ва шаҳарларда 3-5 километрлик «Саломатлик йўлаклари» барпо этиш вазифаси қўйилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда шу борадаги манзилли рўйхатни шакллантириб, қурилиш ишларини бошлаш, пиёдалар ва велосипедлар учун барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.  

Президент жойларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратган. Хусусий спорт иншоотлари, «воркаут», мини-футбол, бадминтон, стритбол майдонлари ва фитнес заллари барпо этишга тадбиркорларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берилган.

Мамлакатда халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш кераклиги таъкидланган. Хусусан, халқаро мототур ва велотур мусобақалари ташкил этилади, бунинг учун мамлакат ҳудудларидан Бўстонлиқ туманигача маршрут ишлаб чиқилади.

Аҳоли ўртасида жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича спорт синовларини йўлга қўйиб, унинг ғолибларига имтиёзлар берилиши белгиланган. Бу биринчиликларни навбатда мактаб ўқувчилари ўртасида, босқичма-босқич аҳоли ўртасида ташкил этиш кераклиги қайд этилган.

«Маълумки, Ўзбекистондаги ҳар бир туман ва шаҳар биттадан устувор, истиқболли ҳамда ривожланаётган спорт турларига ихтисослаштирилган. Мазкур тизимдан келиб чиқиб, ҳудудда йирик мусобақалар ўтказиб туриш ва салоҳиятли спортчиларни тарбиялаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун Миллий Олимпия қўмитаси барча спорт федерациялари фаолиятини туман ва шаҳарларга боғлаган ҳолда ташкил этиб, жойларда Олимпия ҳаракатини ривожлантириб боради», дейилган хабарда.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Top