22:53 / 09.12.2020
2152
Қорақалпоғистонда қарийб 40 мингта пиротехника воситаси ноқонуний сотилишининг олди олинди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари бошқа органлар билан ҳамкорликда Беруний туманида тезкор тадбир ўтказди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Давлат божхона қўмитасидан хабар қилишларича, тадбир давомида фуқаро С.Д. шартли харидорга 500 қутида жами 30 минг дона пиротехника воситаларини 11,5 миллион сўмга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинган.

Худди шундай яна бир ҳолат Қўнғирот туманида кузатилган. Фуқаро Г.Ж 18 минг дона пиротехника воситаларини 4,5 млн сўмга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинган.

«Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йил бошидан жами 12 та ҳолатда умумий қиймати 25 миллион сўмдан ортиқ бўлган 105 543 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу эса аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган 105 543 та ҳолатнинг олди олинди дегани.

Лекин шунга қарамасдан, пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи шахслар ҳали ҳам орамизда кўп ва божхона органлари томонидан хавфли ҳисобланувчи ушбу воситаларнинг айланмасига қарши тизимли кураш давом эттирилади.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади расмий хабарда.

Top