09:30 / 11.12.2020
3765
«Чирчиқ деҳқон бозори»да назоратчи ва сотувчи ўртасида келиб чиққан можаро бўйича расмий маълумот берилди

Жорий йилнинг 9 декабр куни ижтимоий тармоқларда видеолавҳа тарқалди. Унда “Чирчиқ деҳқон бозори”да назоратчи ва сотувчи ўртасида келиб чиққан можаро, назоратчининг катта ёшли онахонга қўпол муносабатда бўлгани акс этган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан эълон қилинган расмий муносабатда айтилишича, Чирчиқ шаҳридаги “Чирчиқ деҳқон бозори” ҳудудининг ташқи қисми ва атрофидаги А.Навоий шоҳкўчасидан Янги аср ва П.Юсупов кўчалари билан кесишувига қадар, Янги аср кўчасидан Марказий бозор дарвозасига қадар эпидемиологик, эпизоотик ва экологик хавфсизликни таъминловчи ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига қатъий зид равишда савдо-сотиқ учун белгиланмаган жойларда одамлар савдо-сотиқ билан шуғулланган. 

“Ваҳоланки, бозор ҳудудида бўш расталар бўлишига қарамасдан фуқаролар қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат ҳамда ноозиқ овқат маҳсулотлари билан ноқонуний савдо фаолиятини олиб боришган. 

Шунингдек, чиқиндиларнинг белгиланмаган жойга (ариқ, зовур ва йўлакларга) ташлаб кетилиши оқибатида ёқимсиз ҳид чиқиши аҳолига ноқулайликлар туғдираётганлиги, бозор ҳудудида қонуний равишда фаолият юритиб келаётган савдогарларнинг норозиликларига, нарх-навонинг сунъий равишда ўсиб кетиши ва контрафакт молларнинг кириб келиш ҳолатлари бозор иқтисодиёти инфратузилмасининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган”, - дейилади муносабатда. 

Қайд этилишича, ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан жорий йил октябр ойи охирида ноқонуний равишда ишлаётган сотувчилар билан суҳбат ўтказиб, профилактика ишларини олиб бориш мақсадида назоратчи С.С. бозор маъмуриятининг кўрсатмасисиз, ўз хоҳиши билан ноқонуний фаолият юритаётган сотувчилар билан бозор ҳудудига кириб, ЯТТ гувоҳномаси асосида фаолият юритишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борган ва шу вақтда сотувчилар билан зиддият чиққан. 

Зиддият акс этган видео номаълум шахс (йўловчи) томонидан ижтимоий тармоқларга юборилган. Бозор маъмурияти ушбу ҳолатни интернетда кўриб, сабабини ўрганиб чиққан. 

“Натижада назоратчи Саипов Собитжон Жаҳонгир ўғлининг хатти-ҳаракатлари салбий баҳоланиб, у ўз мансабини суиистеъмол қилганлиги, сотувчи билан қўпол муносабатда бўлганлиги учун буйруқ асосида ишдан бўшатилди”, - дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарида.

Top