15:15 / 11.12.2020
17508
Яккабоғдаги қотиллик бўйича қўшимча маълумот берилди. «Участковой» ва маҳалла раисларига ҳам хизмат текшируви тайинланган
Фото: Қашқадарё вилояти прокуратураси

10 декабр куни ижтимоий тармоқларда Яккабоғ туманида даҳшатли қотиллик рўй бергани, тумандаги хонадонлардан бирида тўрт нафар одам ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Шундан сўнг Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими раҳбари мазкур қотиллик ҳақида дастлабки маълумотларни очиқлади.

Бугун Қашқадарё вилояти прокуратураси Яккабоғда содир этилган қотиллик ҳақида батафсил маълумот берди. Унда қайд этилишича, Қамаши тумани, «Қизилтепа» МФЙда яшовчи А.Ҳазратқулов 9 декабр соат 23:45ларда Яккабоғ тумани, «Эски Яккабоғ» МФЙда яшовчи Н.Шернаева, М.Муҳаммадиева, Р.Шербекова ва А.Шербековни қасддан ўлдирган.

2020 йил 10 декабр куни жиноят процессуал кодексининг 221-моддасида белгиланган тартиб бўйича А.Ҳазратқулов гумонланувчи тариқасида ушланган. Шундан сўнг, унга нисбатан Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а,б,в,ж» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, мазкур жиноят содир этилишига ва масъулиятсизликка йўл қўйган Яккабоғ туман ИИБ 19-сонли ички ишлар бўлинмаси профилактика инспектори Х.Холматов ва Қамаши тумани ИИБ 7-сонли ички ишлар бўлинмаси профилактика инспектори Э.Тоғаевга нисбатан вилоят ИИБ томонидан, Яккабоғ тумани, «Эски Яккабоғ» МФЙ раиси М.Турдиев ҳамда Қамаши тумани «Қизилтепа» МФЙ раиси Э.Ҳайитовларга нисбатан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси томонидан идоравий хизмат текшируви тайинланган.

Top