19:11 / 12.12.2020
8127
ССВ: Ниқобсиз юриш пандемиянинг яна авж олишига сабаб бўлиши мумкин

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ниқобсиз юриш пандемия яна авж олишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб, барчадан коронавирус хавфининг олдини олишда шахсий жавобгарлик ҳис қилишни сўради.

«Коронавирус пандемияси бутун дунё фавқулодда вазиятларга тайёр туриши кераклигини кўрсатиб қўйди. Шунинг учун ҳам, иқтисодий ва тиббий имкониятларидан қатъи назар барча давлатларга бирдек таъсир қилган коронавирус пандемиясидан ҳар ким тегишли хулосасини чиқарди. 

Мамлакатимизда ҳам президентимиз ва ҳукуматнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, миллий тиббиёт тизими бирламчи бўғинидан бошлаб ислоҳ этилмоқда. Бу ислоҳотлар тез вақтларда ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиз. Мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ушбу инфекцияни жиловлашда аҳамиятли бўлмоқда.

Пандемиянинг юқори чўққисида юртимизда эҳтиёт чораси сифатида жами 159та муассасада 25200 шифо ўрни, шу жумладан, 2500 реанимацион ўрин ташкил этилди. Шунингдек, қўшимча равишда 58та йирик бино-иншоотларни мослаштириш орқали яна 15 минг, шундан 1225 реанимация ўринлари ташкил этилди.

Дунёда инфекция тарқалиши ҳануз хавфли даражада турган бўлса-да, Ўзбекистонда касаллик нисбатан жиловланди, дея оламиз. Сўнгги ойлар мобайнида юртимизда инфекция тарқалишининг бироз барқарорлашиши сабабли коронавирусга мослаштирилган 159та муассасадан 107таси ўз йўналиши бўйича одатий фаолиятини бошлаб юборди, 23таси эса консервация қилинди. 

Аммо бу «энди бизда коронавирус хавфи йўқ», дейишга асос бўлмайди. Айни пайтда юртимиздаги COVID-19 шифохоналарида касалликнинг айрим симптомлари мавжуд бўлиб, гумон қилинган, пневмонияга чалинган ёки унга ҳам гумон қилинган беморлардан ташқари 2 минг нафардан ортиқ коронавирусдан даволанаётганлар борлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Коронавирусга қарши кураш тадбирлари катта молиявий таъминот талаб қилиши ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, пандемия даврида тиббиёт муассасаларига 55 дона рентген, 2 минг дона функционал кроват, 1 минг 450та СИПАП, 3 минг 300та кислород концентратор ва бошқа жиҳозлар, шунингдек, бюджет ҳисобидан замонавий ИВЛ, кардиомонитор ва ПЗР аппаратлари ўз вақтида етказиб берилди. 

Шунингдек, Зангиота туманидаги 4000 ўринли кўп тармоқли махсус иккита шифохонанинг, Юқори Чирчиқ туманидаги 20 минг ўринли  коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган замонавий мажмуанинг қисқа фурсатларда қуриб фойдаланишга топширилгани катта воқеа бўлди.

Давлат томонидан берилаётган бундай эътиборга жавобан, ҳар бир фуқаро ўз соғлиги учун шахсан жавобгарликни ҳис қилиши, пандемия тартиб-қоидаларига риоя этишни кундалик одатга айлантириши лозим. 

Аммо ҳозирда коронавирус хавфи чекингани важидан кўчаларда ниқобсиз, санитария-эпидемиология талабларига риоя қилмай юрган фуқаролар кўп учрамоқда.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемиянинг мамлакатимизда яна авж олмаслиги, энг аввало, ўзимизга боғлиқ эканини эслатиб ўтади. Шу сабабдан ҳам барчангиздан коронавирус хавфининг олдини олишда шахсий жавобгарлик ҳис қилишингизни, тиббий ниқоблардан санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланишни бир зум ҳам унутмаслигингизни сўраб қолади», дейилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top