15:42 / 14.12.2020
2811
«Локдаун қачон тугайди» – Google британияликлар 2020 йилда энг кўп қидирган сўровларни эълон қилди

Google 2020 йил Британияда энг кўп қидирилган сўровлар рўйхатини эълон қилди.

«Юз ниқобини қандай тайёрлаш мумкин?», «Қўл қандай дезинфекция қилинади?», «Коронавирус қандай тест қилинади?» каби сўровлар британияликлар орасида энг кўп қидирилган. Шунингдек, карантин шароитида кўплаб маиший хизмат кўрсатиш марказлари ишламагани сабаб «Сочни қандай қилиб мустақил кесиш мумкин?», «Эркакларнинг сочи қандай калталанади?» каби сўровлар ҳам фавқулодда кўпайган.

Карантин давомида ошхоналар ёпилгани сабаб кўпчилик уйда овқат тайёрлашга мажбур бўлди. Натижада Google'га турли рецептлар сўраб қилинган сўровлар сони ҳам ортди. Улар орасида энг кўп қидирилгани нон тайёрлаш рецепти бўлган. «Нонни қандай тайёрлаш мумкин?» сўрови британияликлар учун Google'нинг овқатларга оид саволлари орасида биринчи ўринда турибди.

Google'нинг «Қачон» сўзи билан бошланувчи сўровларига ҳам карантин таъсири сезилиб турибди: «Қачон локдаун тугайди?», «Спорт заллари қачон қайта очилади?», «Қачон локдаун бошланади?» каби саволлар британияликлар томонидан энг кўп қидирилган. Шу билан бирга, «Мактаблар қачон қайта очилади?», «Қачон таътил тугайди?», «Сартарошхоналар қачон қайта очилади?» саволлари ҳам энг кўп қидирилган саволлар ўнлигидан ўрин олган.

Top