08:04 / 14.12.2020
4715
Яшнобод туманидаги мактаб-интернат тарбияланувчиси билан боғлиқ ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди

2020 йил 12 декабр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган 103-сонли ёрдамчи мактаб-интернат тарбияланувчиси калтакланганлиги ҳақида видеоёзув тарқалган.

Бош прокуратура хабарига кўра, 2020 йил 11 декабр куни фуқаро К.З. (аёл) Яшнобод тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унда ақли заиф, вояга етмаган қизи мактаб-интернатдан тан жароҳатлари билан келганини маълум қилиб, айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган. 

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, вояга етмаган қиз танасида “Ўнг елка соҳаси ва ўнг кўкрак соҳаси, ўнг кўкрак соҳаси остки қисмлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ҳамда кўкариши” каби тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва тегишли даво чоралари тавсия қилинган. 

Шу билан бирга, вояга етмаган қизнинг танасидаги жароҳатларнинг келиб чиқиш механизми ва оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top