23:23 / 15.12.2020
10873
Эрдўған ғарб давлатларининг Туркияга қарши киритган санкцияларига муносабат билдирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Европа иттифоқи ва АҚШ томонидан Туркияга қарши санкциялар киритилишига муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, Европа иттифоқи санкциялар киритиши эмас, балки Анқарага берган ваъдаларини бажариши, АҚШ эса террорчи гуруҳларга қарши курашда кўмак кўрсатиши лозим.

Фото: Anadolu Agency

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркия нафақат мамлакат ичида, балки бутун минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кураш олиб бормоқда. Бироқ бу Анқара ўз ҳуқуқлари бузилиши ва суверенитетига рахна солинишига ижозат беришини англатмайди.

“Туркия Европа иттифоқидан санкцияларни эмас, балки иттифоқда тўлақонли аъзолик ҳақидаги ваъдалар бажарилишини кутиб қолади. Шунингдек, биз НАТО бўйича ҳамкоримиз АҚШдан ҳам санкциялар эмас, балки террорчи гуруҳлар ва минтақадаги вазиятни издан чиқаришга уринаётган кучларга қарши курашда қўллаб-қувватлов кутиб қоламиз”, деб айтган Туркия раҳбари.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, ҳозирда дунё давлатлари глобал иқтисодиётда тарихга кирадиган даврни бошдан кечирмоқда. Шу сабабли, Туркия иқтисодиёти ҳар қандай синовлар, янги имкониятлар ва турли сценарийларга тайёр.  

Эрдўған, шунингдек, Тоғли Қорабоғ ҳақида ўз фикрларини айтган. “Тоғли Қорабоғдаги ғалаба билан Кавказда янги давр бошланди. Бу ғалабадан кейин минтақада янги статус-кво яратилади, унда ихтилоф тинчликка, кескинлик ҳамкорликка, адоват яхши қўшничиликка айланади”, деб таъкидлаб ўтган Туркия президенти.  

Шунингдек, Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар ҳам АҚШ киритган санкцияларга изоҳ берган. Унинг таъкидлашича, НАТОга аъзо давлатга бундай санкцияларнинг киритилиши нафақат алянс доирасидаги ҳамкорликка зарба беради, балки иттифоқдош давлатлар ўртасидаги ишончга тамоман путур етказувчи қадамдир.

Акар Туркия ва АҚШнинг яқин ҳамкорлиги Корея урушидан бери давом этиб келаётганини эслатиб ўтган. 

Аввалроқ Европа иттифоқи етакчилари Анқара Шарқий Ўрта ер денгизида ноқонуний бурғилаш ишларини олиб бораётгани учун Туркияга санкциялар киритган.

АҚШ эса Туркия Россиядан С-400 мажмуаларини сотиб олгани билан боғлиқ ҳолда Туркия мудофаа саноати котибияти ва унинг раҳбари Исмоил Демирга нисбатан санкциялар жорий қилди.

Top