20:42 / 15.12.2020
5562
«Ўзбекнефтгаз»: Нефт-газ соҳасида ўқиётган 12 нафар иқтидорли талаба «Uzbekneftegaz GTL» стипендиясини қўлга киритди

12–13 декабр кунлари «Uzbekneftegaz GTL» компаниясининг нефт-газ соҳасида таҳсил олаётган иқтидорли талабалари учун 2020–2021 ўқув йилининг стипендиялар дастури ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган Шўртан газ-кимё мажмуасида ўтказилган тадбирда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Ю.Абсоатов, ОТМлар ректор ва профессор-ўқитувчилари, «Uzbekneftegaz GTL» ва «Шўртан газ-кимё мажмуаси» МЧЖлар раҳбарияти қатнашди.

Бу йилги дастурда жами 1200дан зиёд талаба иштирок этди. Танловнинг учинчи босқичидан сўнг жами 12 нафар иқтидорли талаба саралаб олинган эди. Танлов комиссияси иштирокчилар сонининг кўплигини инобатга олган ҳолда ва иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча 18 нафар фаол талабани ҳам махсус сертификатлар билан тақдирлашга қарор қилди.

Уларга «GTL» заводида ишлаб чиқариш амалиётини ўташ, «Uzbekneftegaz GTL» компаниясида малака ошириш ҳамда ўқишининг сўнгида ўз мутахассислиги бўйича «GTL» заводида иш билан таъминлаш белгиланди.

Тадбирда стипендиялар дастури ғолиблари ва фаол иштирокчилар махсус диплом ва сертификатлар ҳамда компаниянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғолибликни қўлга киритган 12 нафар стипендия соҳибларига ўқув йили давомида «Uzbekneftegaz GTL» компанияси томонидан қўшимча ойлик стипендия тўлаб борилади.

Тақдирлаш маросимида йиллар давомида нефт ва газ соҳаси учун минглаб малакали кадрларни тайёрлашга хизмат қилиб келаётган Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти, Ўзбекистон Миллий университети, Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Бухоро муҳандислик-технология институти, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Фарғона политехника институтларига «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг махсус ташаккурномаси топширилди.

Олий таълим муассалари билан уч томонлама ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди

Тадбир иштирокчилари Шўртан газ-кимё мажмуаси фаолияти билан ҳам танишиб, «GTL» заводининг қурилиш майдонида ҳам бўлишди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top