07:58 / 15.12.2020
3006
Хоразм вилояти педагоглари олий тоифали педагоглар улуши бўйича ҳудудлар орасида биринчи ўринга чиқди

Хоразм вилояти педагоглари ўз устида ишлаб, олий тоифали педагоглар улуши бўйича ҳудудлар орасида биринчи ўринга чиқди. Бу республиканинг ўртача кўрсаткичидан деярли икки баробар кўп, деб ёзади халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Унинг қайд этишича, биринчи тоифали ўқитувчилар улуши бўйича ҳам худди шундай натижа. Одатда олий тоифали ва биринчи тоифали ўқитувчиси кўп бўлган мактабларда таълим сифати юқорироқ бўлади. 

Аксинча, мактаб жамоаси асосан тоифасиз ёки умуман олий маълумотга эга бўлмаган ўқитувчилардан ташкил топган бўлса, ушбу мактабларда таълим сифати ҳам шунга яраша бўлади. Умуман битирувчиси ОТМга кира олмаган мактаблар сони республикада 3 баробар камайган бўлса, Хоразм вилоятида 4 баробар камайиб, уларнинг умумий мактаблар орасидаги улуши бўйича ҳам вилоятлар ичида энг яхши натижа қайд этилган.

“Қатор қишлоқ мактабларининг моддий-техник аҳволи етарли даражада бўлмаса-да, фидойи педагоглар жамоаси меҳнати туфайли битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи 50-80 фоизларни ташкил қилаётганига гувоҳ бўлдим. 

Президентимизнинг Хоразм вилоятига ташрифлари натижасида, мактаблар ҳолатини яхшилаш учун келгуси йилги инвестиция дастурига қўшимча 85 млрд сўм ажратилиб, умумий сумма деярли 2 баробарга оширилиши бўйича вазифа қўйилди.

Бу вилоятдаги яна кўпгина мактаблар ҳолатини яхшилашга ёрдам беради. Галдаги вазифа айнан энг оғир аҳволдаги мактабларни ушбу қўшимча маблағларни йўналтириш рўйхатига киритиш ҳамда вилоят ҳокимлиги ягона буюртмачиси томонидан танланадиган қурувчи компаниялар ишни сифатли амалга ошириши бўйича жамоатчилик назоратини жойларда тўғри ташкил этиш”, — деб ёзади вазир.

Top