08:57 / 15.12.2020
9729
Йирик солиқ тўловчилар рўйхати тўлдирилиши мумкин

Давлат солиқ қўмитаси юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга қўшимчалар ҳақида лойиҳа ишлаб чиқди.

Norma’нинг ёзишича, йирик солиқ тўловчилар рўйхатини (низомнинг 4-банди) қуйидагилар билан тўлдириш таклиф этилмоқда:

цемент ва маиший электр асбоблари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар;

маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календар йил якуни бўйича 50 млрд сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган тўқимачилик кластер корхоналари.
 
Амалдаги Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга асосан  йирик солиқ тўловчилар тоифасига қуйидагилар киради:

  • акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;
  • тижорат банклари, товар хомашё, фонд ва валюта биржалари;
  • “Навоий КМК” ДК, “Олмалиқ КМК” АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
  • маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
  • маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календар йил якуни бўйича 100 млрд сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган 12 ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар;
  • углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, бундан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари мустасно;
  • Ўзбекистон ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top