16:22 / 18.12.2020
1501
2020 йилнинг 9 ойлик харажатлари 102,1 трлн сўмни ташкил этди

Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ҳисоботи эшитилди.

«Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар, кўрилган амалий чора-тадбирлар натижасида ялпи ички маҳсулотнинг кескин тушиб кетиши олди олинди ва жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиш 0,4 фоизни ташкил этди.

Давлат бюджети даромадлари 94,5 трлн сўмни ташкил этиб 2019 йилнинг 9 ойига нисбатан 15,3 трлн сўмга кўп маблағлар ундирилди.

Хабарингиз бор, жорий йил учун Давлат бюджети харажатлари 131,1 трлн сўм миқдорида, шундан республика бюджети харажатлари 95,7 трлн сўм ҳамда маҳаллий бюджетлар харажатлари 35,4 трлн сўм миқдорида тасдиқланган эди.

Бироқ, коронавирус пандемияси тарқалиши, карантин чоралари қўлланиши ва баҳор мавсумида юз берган табиий офат ва техноген авариялар давлат бюджети харажатларига жиддий ўзгартиришлар киритишни талаб этди.

Юқоридаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Давлат бюджетининг 2020 йил 9 ойлик харажатлари 102 трлн 165 млрд сўмни ёки ЯИМга нисбатан 25 фоизни ташкил этди», дея молия вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 94,4 трлн сўмга бажарилган бўлиб, белгиланган прогноздан 2,9 фоизга кўп бўлган.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун жами 53,7 трлн сўм сарфланиб, бу умумий харажатларнинг 52,5 фоизини ташкил этган. Шундан бюджет маблағлари ҳисобидан 50,4 трлн сўм ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3,3 трлн сўм маблағлар сарфланган. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан соғлиқни сақлаш соҳасига 2,7 трлн сўм ажратилган.

Жумладан, моддий рағбатлантириш харажатлари учун 1,5 трлн сўм, дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари, тест тизимлари антисептик воситалар ва дезинфекция қилиш ишларига ҳамда карантинда ва даволашда бўлган фуқароларни сақлаш ишларига 1,2 трлн сўм маблағлар сарфланган.

Шунингдек, сенаторлар ҳисобот даврида харажатлар режага нисбатан кам ижро қилингани, хусусан, жорий харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ молиялаштирилмаганлиги каби ҳолатларнинг мавжудлигига эътибор қаратди.

Бугунги мураккаб пандемия шароитида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиғини таъминлаган ҳолда иқтисодиётни қайта тиклаш йўлида муайян ишлар амалга оширилаётгани ҳам қайд этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан жойларда мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, мавжудларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни замонавий воситалар билан жиҳозлаш, қолаверса, ҳудудлардаги ички йўлларни қуриш ва таъмирлашга эътиборни ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳисобот даврида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтириш ва бунда маҳаллий Кенгашларда очиқ, шаффоф ҳисобот бериб боришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги билдирилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш юзасидан қарори қабул қилинди.

Top