17:29 / 19.12.2020
3760
Ортиқхўжаев 2021 йилда ёшлар учун пойтахтда қандай инфратузилма бўлишини маълум қилди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Тошкент ёшлар форуми – 2020”да “2021 йилда пойтахтда ёшлар ҳаёти” мавзусида тақдимот қилди. Унда 2021 йилда Тошкент шаҳрида ёшлар учун қандай инфратузилма яратилиши ҳақида маълумот берилди.

Тақдимотда таълим, спорт ва маданият, IT йўналиши, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор режалар эълон қилинди.

Билдирилишича, келаси йилда пойтахтда Марказий Осиё халқаро давлат илмий-тадқиқот институти ташкил этилади, 128та маҳаллада кичик кўча спорти майдончалари (“Street Workout”, баскетбол, волейбол, бадминтон) ташкил этилади. 2021 йилда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни спорт ва соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш мақсадида Чилонзор, Сергели, Олмазор, Яшнобод туманларида янги қурилаётган кўп қаватли уйлар атрофида 13та кичик спорт майдонлари ва 6та енгил конструкцияли спорт заллари барпо этилади.

Бундан ташқари, 12та спорт иншоотларидаги мавжуд 18 400 кв метр бўш ҳудудларда давлат-хусусий шерикчилик асосида янги спорт иншоотлари қурилади. 12та марказий кўчада 50 км.дан иборат пиёда ва велосипедда юриш учун махсус “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади.

IT йўналишда “Яшнобод” инновацион технопарки ишга туширилади. Унинг резидентлари сони 60тага етказилиб, 720дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Аҳоли ҳордиқ чиқарадиган масканлар сони ҳам кўпайиб, Алишер Навоий номидаги миллий боғ ҳудудида 21 гектар майдонга эга “Magic city” кўнгилочар боғи ишга туширилади. 

“Булар ҳали ҳаммаси эмас. Буларнинг барчаси ҳозирги режалар. Йил давомида ҳали яна янгиликлар бўлаверади. Янги таклиф ва ғоялар амалга татбиқ этилади”, дея шаҳар ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ёшлар форуми сингари тадбирлар келаси йилда яна ҳам кўпроқ бўлишини билдириб ўтди.

“Кейинги йилда пандемия тинчиб кетса, сизларни ҳозиргидай байрамлар билан тиндирмаймиз”, деди у.

Top