01:12 / 19.12.2020
6501
«Ўзбекистон 2030 йилда таълим сифати бўйича ТОП-30таликка кириши керак» – Шерзод Шерматов

Халқ таълими вазири бунга эришиш учун учта муҳим омилни санади.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Ўзбекистон 2030 йилда таълим сифати бўйича ТОП-30 мамлакатлари қаторига киришига эришишимиз керак, деди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Шерматов Тошкент ёшлар форумидаги чиқишида шу ҳақда айтиб ўтган.

«2030 йилгача Ўзбекистон таълим бериш сифати бўйича жаҳондаги ТОП-30 мамлакатлари қаторига кириши вазифаси кўзда тутилган. Бунга қандай эришиш мумкин?

Энг аввало, мактаблардаги шарт-шароитларни янада яхшилаш керак. Бир неча йиллар олдин мактаблардаги шароитлар жуда ачинарли эди. Ҳаттоки пойтахт мактаблари шароити мақтагулик эмасди. Бу бўйича қиладиган ишларимиз анча.

Иккинчидан, ўқитувчиларни жамоавий ишлар ва ортиқча қоғозбозликлардан халос этиш зарур. Ўқитувчилар малакаси секин-асталик билан ошиб боряпти. Онлайн платформаларда дарс ўтишяпти, янги билимларни эгаллашмоқда.

Ота-оналарнинг таълимга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Фарзанди келажаги учун таълимда бўлаётган ислоҳотларга қизиқиш билдиряпти. Лекин умуман олганда, жамиятда таълимга нисбатан муносабат ўзгариши керак. Ёшларнинг ўзи ўзгармаса, билим олишга иштиёқи бўлмаса, мақсадларга эришишимиз қийинлашади», – деди Шерзод Шерматов.

Top