09:34 / 20.12.2020
42775
Акмал Саидов қандай қилиб икки президент даврида ҳам ҳокимиятда қолмоқда?

19 декабр куни Tashkent City анжуманлар залида «Тошкент ёшлар форуми – 2020» доирасида ёшлар миграцияси масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.

Kun.uz мухбири тадбир якунида конференция спикери, Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов билан қисқа интервью уюштирди.

– Айтингчи, қандай қилиб икки президент даврида ҳам ҳокимиятда қолмоқдасиз? Садоқат, тажриба ёки мослашувчанлик сабабми?

– Мен ҳеч қачон мослашмаганман. Биринчи раҳбар даврида ҳам, иккинчи раҳбар даврида ҳам. Шунингдек, ҳеч қачон коммунистик партия аъзоси ҳам бўлмаганман. Тўғриси, коммунистик партияга кирмоқчи бўлганман, лекин ўшанда «Навбатингиз келдими?» деб сўрашган. Шунда мен «Эътиқод учун навбатда турмайман, бозордаги гўшт учун навбатга турилади», деганман. Хуллас, шу битта ходимнинг саволи учун партияга ўтиш фикридан қайтганман. Коммунист бўлмаганимнинг сабаби шу.

Иккинчидан, қайта қуриш даврида фақат партия аъзолари эмас, партиясизлар ҳам олдинга чиқарилсин, дейилди. Мен ана ўша вақтда Ўзбекистон ёшлар ташкилотининг раҳбари бўлганман. Бу СССР тарихидаги ягона Ўзбекистон ёшлар ташкилоти эди. Балки тасодифдир, коммунист бўлмаганим учун мени байроқ қилиб кўтаришган.

Учинчидан, конституция ва давлат тили тўғрисидаги қонун ёзилишида менга бўлган эҳтиёж пайдо бўлди. Чунки мен ўша пайтда хорижий тил ва тажрибани биладиган ягона юрист эдим. Биз авваллари фақат Москвада тайёрланган қонунларни кўчирардик.

Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг биринчи нусхасини мен ёзганман. Ҳеч кимдан кўчирмаганман. Ўша пайтда ўндан ортиқ давлатларнинг тил тўғрисидаги қонунини ўрганиб чиқиб, ўзимизнинг қонунимизни тайёрлаганмиз. Биз иттифоқ таркибидаги давлатлар ичида биринчилардан бўлиб, 1989 йил 21 октябрда «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни тайёрлаганмиз.

Бу жуда катта эҳтирослар, кўчага чиқишлар ва муҳокамалар билан бўлган. Қонуннинг биринчи лойиҳасини ўзим тайёрлаганимдан ғурурланаман. Кейинги қадам конституция лойиҳасини тайёрлашда бўлди. Ўзбекистон конституциясини тайёрлаш, муҳокама ва қабул қилиш тажрибаси. Бу ҳозирги вақтдаги бизнинг ҳар қандай қонунни қабул қилишда ўрнак бўладиган тажриба эди. Биз ўша пайтда конституцияни ҳатто тил комиссиясидан ўтказганмиз. Уни Фанлар академиясининг тил адабиёти институтига жўнатганмиз.

Тўғрисини айтаман, биринчи президент мени комсомолнинг биринчи секретари қилмоқчи бўлган. Мен рози бўлмаганман, партиянинг иккинчи котиби мени кўндиролмаган. Биринчи президентимизга мендан юрист сифатида фойдаланинг, комсомолга раҳбар бўламан деган кўп, дегандим. Шундан кейин мен тўлиқ юридик соҳада ишладим.

Саволингизга жавобга келсак, биринчи навбатда менинг билимим бўлса керак. Юқорида айтганимдек, 1990 йилларда хорижий тилда ишлайдиган ягона юрист бўлганман. Ёшлар ташкилотидаги фаолиятим кейинчалик элчилик фаолиятимда ҳам ёрдам берди.

Инсон ҳуқуқлари миллий марказига келишим ҳақида гапирсам, ўша пайтларда биринчи президент мени демократ дерди. Шунинг учун ҳам бу марказга қўйгандир. Яхши эслайман, Ўзбекистон ўша пайтларда инсон ҳуқуқлари бўйича энг кўп танқид қилинадиган давлатлар қаторида эди. Бу рўйхатда салкам 20 йил турдик.

Саволингизга яна бир жавоб: мен биринчи раҳбар вақтида юридик фанлари доктори эдим, ҳозир эса академикман, деди Акмал Саидов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Top