13:02 / 21.12.2020
4168
Сурхондарёдаги сессия: Ютуқлардан кўра йўл қўйилган хато ва камчиликларга кўпроқ эътибор қаратилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида жорий йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилга мўлжалланган режалар юзасидан аҳолига мурожаат қилди.

Сессияда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Тўра Боболов халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилганини эътироф этиб, шахсан ўзи 24 марта фуқаролар билан сайёр қабул ўтказгани, уларда қарийб 3 мингга яқин мурожаатлар тинглангани, шу кунгача мурожаатларнинг 72 фоизи қаноатлантирилганини қайд этди.

«Ҳудуднинг иқтисодий ривожлантирилиши аввало вилоятда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаган ҳолда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш билан боғлиқ. Дунёда жиддий ташвиш уйғотган якунланаётган йилда бу борада олиб борган ишларимиз ҳам ўз самарасини бермоқда. Бу йўлда бир ёқадан бош чиқариб ишласак, халқимиз ҳаёти янада обод, турмуши фаровон бўлади», деди Тўра Боболов.

Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга турли соҳаларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар, кўзланган маррага эришилмаган йўналишлар бирма-бир санаб чиқилди. Режаларнинг бажарилмаслигига ўз таъсирини ўтказган омиллар тилга олинди.

Лекин шунга қарамасдан, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2020 йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 25,7 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 102,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Аҳолига мурожаатда ҳудуднинг экспорт салоҳияти, қурилиш ва аграр соҳада олиб борилган кенг қамровли ишларга ҳам эътибор қаратилди. Аҳолини электр энергияси, газ, ичимлик сув билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар таҳлил қилинди.

Боболов 2021 йил учун белгилаб олинган «йўл харитаси» ва унинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрнига алоҳида тўхталди. Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш, туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигига эътибор қаратилди. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз берган ўзгаришлар, бу борада 2021 йилда амалга ошириладиган ишлар слайдлар орқали ҳам намойиш этилди.

Сессиядан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Шу куни вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Top