14:18 / 21.12.2020
4763
Тошкент шаҳрида ишсиз аҳоли сони қанчалиги маълум қилинди

Жорий йилнинг 19 декабр куни пойтахт ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: mahalladosh.uz

Kun.uz мухбири хабар беришича, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда келгуси йилга белгиланган режалар тўғрисида шаҳар аҳолисига мурожаат қилди.

Маълум қилинишича, 2020 йилда Тошкент шаҳрини ривожлантириш дастурининг асосий иқтисодий кўрсаткичлари бўйича йил якунига ўсиш суръатлари таъминланиши кутилмоқда. Жумладан:

  • ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми - 84 трлн 5 млрд сўмни, ўсиш суръати - 100,9 фоизни, аҳоли жон бошига эса 32 млн сўмни ташкил этди;
  • саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 63 трлн сўм, ўсиш – 100,1 фоиз, аҳоли жон бошига 24 млн сўм;
  • жами хизматлар ҳажми – 81 трлн сўм, ўсиш 105,4 фоиз, аҳоли жон бошига 31 млн сўм;
  • чакана савдо товар айланмаси – 42 трлн сўм, ўсиш 103,8 фоиз, аҳоли жон бошига 16,1 млн сўмни ташкил этди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами фаолият юритаётган 15 минг 745 та саноат корхоналарида қарийб 200 минг нафар ишчи ходимлар ишлайди. Инвестиция дастурига мувофиқ, жами 1 млрд 496 млн доллар шундан, 1 млрд 190 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 2 млн 600 минг аҳоли истиқомат қилиб, шундан меҳнат ресурслари сони 1 млн 600 минг нафарни ташкил этади. Жами банд аҳоли сони 1 млн 200 минг нафар, шундан расмий соҳада бандлар 895 минг (76 фоиз), норасмий бандлар 262 минг киши (21 фоиз)га тенг. Ишсизлик даражаси - 9,1 фоиз, ишсизлар сони - 115 минг киши.

Ҳудуд ва тармоқларни комплекс ривожлантириш инвестиция дастури, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишдаги янги йирик ва кичик лойиҳаларни ташкил этиш, мавжудларини кенгайтириш ҳисобидан ҳисобот йилида жами 59 минг 347 та янги доимий иш ўринлари яратилган.

Top