10:34 / 22.12.2020
10308
ИИВ Хоразмда хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўпланган фуқаролар билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот берди

2020 йилнинг 21 декабр куни Хоразм вилояти Ҳазорасп ва Хива туманларида истиқомат қилувчи аҳолининг ички ишлар органлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш бўйича навбатда тургани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси хабарига кўра, хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун мурожаат қилаётган аҳолининг асосий қисми Россия ҳудудида меҳнат қилаётган фуқаролар эканлиги аниқланган. 

Қайд этилишича, мазкур фуқаролар 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари барча МДҲга аъзо давлатларга, шу жумладан Россияга фақат хорижга чиқиш биометрик паспорти билан чиқиш тартиби кучга кириши туфайли ички ишлар органлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилмоқда.

Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли орасида Ўзбекистон билан Россия ўртасида авиақатнов йўлга қўйилганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалган.

“Шуни таъкидлаш жоизки, пандемия муносабати билан ҳозирги кунда бир қатор давлатлар, шу жумладан Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикаси билан авиа ва темир йўл қатновини қайта тиклашни режалаштираётгани бўйича Ички ишлар вазирлигига расмий маълумотлар келиб тушмаган.

Ҳозирги вақтда Ҳазорасп ва Хива туманлари ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш бўйича навбатда турган фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилган, уларга навбат талонлари тарқатилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда республикамиз фуқароларига ҳар қандай тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликни, ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига тартиб билан мурожаат қилишни сўраб қоламиз”, - дейилади хабарда.

Top