19:52 / 23.12.2020
7433
ССВ тажриба сифатида ўтказилаётган эмлаш жараёни бўйича маълумот берди

Айни вақтда Ўзбекистонда бир қатор кўнгиллилар коронавирусга қарши вакцина билан эмланмоқда. Бу жараён оммавий эмас, вакцинанинг самарадорлигини синовдан ўтказиш мақсадида амалга оширилаётган 3-фаза клиник-синов жараёнларидир. Шу боис, эмлашга кимлар жалб қилиниши, вакцина юборишдан олдин кўнгиллилар қай тартибда тиббий кўрикдан ўтказилиши, уни қабул қилган одамларнинг саломатлигидаги ўзгаришлар қандай назорат қилиб борилиши борасидаги саволлар жамоатчилик эътибор марказида бўлиб турибди. ССВ матбуот хизматининг бу борадаги саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов жавоб берди. 

Ботир Қурбонов

— Илмий тажриба сифатида ўтказилаётган эмлаш жараёнида кимлар қатнашиши мумкин?

—  Аввало, аҳоли вакиллари ушбу эмлаш жараёни вакцинанинг хавфсиз ва самарали эканини аниқлаш ҳамда унинг минтақамиз шароитида қандай таъсир этишини тадқиқ қилиш мақсадида ўтказилаётганини унутмасликлари лозим.

Клиник-синов тарзида ўтказилаётган эмлашда 18 ёшдан ошган кўнгилли фуқароларимиз қатнаша олади. Улар Covid-19 инфекцияси билан умуман зарарланмаган бўлишлари талаб этилади. Чунки коронавирусга чалиниб тузалганлар танасида антитаначалар мавжуд бўлиб, вакцинанинг организмга қандай таъсир қилганини аниқлашга халақит беради.

Бундан ташқари, айни вазиятда коронавирус билан оғриган беморларга ҳам вакцина қилинмайди. Кўнгилли юртдошларимиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, турли сурункали касалликлардан холи экани ўрганилади. Сурункали касаллиги бор ва иситмалаётган, қон босими меъёридан юқори, қон касалликлари мавжуд, иммун танқислиги билан касалланган, саратонга чалинган беморлар ҳамда ҳомиладор ва фарзанд кўриш истагидаги аёллар ҳам бу жараёнда қатнашиши мумкин эмас.

— Эмлашдан олдин қандай тиббий текширувлардан ўтказилади?

—  Эмлашдан олдин кўнгилли фуқароларнинг қон таҳлили экспресс усулда ўрганилади. Бунда организмда инфекцияга қарши антитаначалар йўқлиги ҳамда коронавирус касаллигига чалинмагани аниқланади. Шунингдек, бурун ва ҳалқумдан олинган суртмалар ПЗР орқали текширилиб, танада Covid-19 вируси йўқлигига ишонч ҳосил қилинади. 

— Айни пайтгача қанча кўнгилли эмланди? 

— Шу йилнинг 22 декабрь санасига кўра, 226 нафар кўнгилли фуқаролар вакцина билан эмланди. Юртдошларимизнинг вакцина тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдириши ҳамда кўнгилли сифатида эмлашда қатнашиш ниятида мурожаат қилиши учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан махсус сайт яратилмоқда. Айни пайтда назоратга олиш имкони кенг бўлгани учун асосан пойтахтда яшовчи кўнгилли юртдошларимиз ушбу вакцина билан эмланмоқда.

Қайд этиш жоиз, кўнгиллилар коронавирусга қарши клиник-синов тарзда эмланаётган Хитойнинг «Рекомбинат» вакцинаси биринчи ва иккинчи клиник-синов жараёнларидан муваффақиятли ўтган. Шу пайтгача учинчи фаза клиник-синовлари давомида эмланганлар ўртасида ҳам салбий асоратлар аниқланмаган. Улар доимий равишда шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top