21:59 / 23.12.2020
9491
Видео: Ҳарбий вертолётда парвоз ҳамда «Чимён» Тоғ тайёргарлиги маркази бўйлаб саёҳат

22 декабр куни Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, дастлаб пресс-тур иштирокчилари Қуролли Кучлар академиясига ташриф буюриб, бу ердаги клуб ва музейда яратилган шароитлар ва унинг фаолияти билан танишди.

Шундан сўнг журналистлар Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмга ташриф буюрди. У ерда сўнгги йилларда вертолёт авиациясида қўлланилаётган учиш аппаратлари билан танишилди ва ташриф буюрувчилар мовий осмон кенгликлари бўйлаб замонавий вертолётлардан бирида парвоз қилди.

Мудофаа вазирлигига қарашли «Чимён» Тоғ тайёргарлиги ўқув машқлари марказида кунимизнинг иккинчи қисми ўтди.

Марказда қулай инфратузилма, ўқув-моддий базада жанговар тайёргарлик машғулотлари учун етарлича шароитлар яратилган. Бу ерда ҳарбий хизматчилар иштирокидаги от спорти, тоғли ҳудудда қорда махсус анжомлар билан чанғида ҳаракатланиш, парапланда учиш ва қўниш, махсус тоғ тайёргарлиги симуляторида ўйин асосида қуролдан отиш ҳамда тоғда ҳаракатланишда зарур бўладиган техникалар намойиши ташкил этилди.

Шунингдек, тоғли ҳудудда жанговар ўқотар қуроллардан нишонларга ўқ отиш, тоғда ҳаракатланиш, қояга кўтарилиш ва тушиш каби реал вазиятга яқинлаштирилган кўргазмали ўқув машқлари ўтказилди.

Top