19:51 / 29.12.2020
1156
2020 йил Ўзбекистонда 1,2 млн аҳоли илк марта ичимлик суви билан таъминланди — «Ўзсувтаъминот»

2020 йилда Ўзбекистон аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 70,8 фоиздан 73 фоизга чиқди, деб маълум қилди «Ўзсувтаъминот» АЖ раиси Соҳиб Саифназаров.

28 декабр куни АОКАда «Ўзсувтаъминот» АЖ масъуллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

«Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаровнинг маълум қилишича, 2020 йилда ҳудудлардаги аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 70,8 фоиздан 73,0 фоизга етказилган.

2020 йилда инвестиция дастури доирасида 1,9 триллион сўм маблағ ҳисобидан 438та ичимлик ва оқова сув тизимлари қурилди ва реконструкция қилинган. 4866 км ичимлик суви, 358,9 км оқова сув тармоғи қурилган ва реконструкция қилинган.

«Натижада 1,2 млн аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди», – деди компания раҳбари.

Саифназаровнинг сўзларига кўра, соҳадаги энг оғриқли нуқталардан бири – тармоқларда вужудга келаётган авариялар.

«2020 йилда жами 140,4 мингта авария ва носозлик бартараф этилди. Авария ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 16,8 мингтага ёки 12 фоизга камайгани эътиборга молик. Тошкент шаҳрида Исроил компанияси билан ҳамкорликда 400 тадан ошиқ сув йўқотишларни топдик. Шундан 90 фоизи таъмирланди», – деди у.

Тадбирда ичимлик суви нархларига ҳам муносабат билдирилди. Маълум қилинишича, аҳолига ичимлик суви етказиш таннархининг катта улуши электр энергияси сарфига тўғри келади.

Мисол учун, жорий йилда сув таъминоти корхоналарининг ойлик электр энергияси сарфи 68 млн. кВтни (30,7 млрд. сўм), йиллик сарфи эса 837 млн. кВтни (368 млрд. сўм) ташкил этган. Шу сабабдан ҳам ҳозирги кунгача 9 та вилоятда (Андижон, Наманган, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари) янги тарифлар тасдиқланган.

Анжуманда келгуси йилда қилинадиган айрим ишлар санаб ўтилди. Унга кўра, 2021 йил апрел ойида Тошкент шаҳар Қибрай бош сув иншоотидаги 67 та ерости сув қудуғига қуёш панелларини ўрнатиш ишлари бошланади.

Тошкент шаҳрининг Бектемир, Янгиҳаёт ва Сергели туманларида 2021–2023-йилларда кунлик 250 минг м3 ҳажмдаги оқова сув тозалаш иншоотини қуриш ва ишга тушириш режалаштирилган. Натижада оқова сув насос станцияларида сарфланаётган йиллик 10,5 млн кВт электр энергияси тежалади, 55 минг нафар аҳоли оқова сув тизимларига уланади; оқова сувларини тозалаш самарадорлиги ошади; ҳудуд бўйлаб тарқаладиган нохуш ҳид йўқолади.

Top