08:15 / 02.01.2021
5281
Тошкентда янги газ тақсимлаш тармоғи қурилиши бошланди

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан узунлиги қарийб 8 километр ва диаметри 1020 мм бўлган газ қувурининг қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди. 

“Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати хабарига кўра, пойтахт газ тақсимлаш тизимида бу каби қурилиш сўнгги 40 йилда илк бор амалга оширилаётган бўлиб, унинг фойдаланишга топширилиши газ таъминотини тубдан яхшилайди.

Бугунги кунда пойтахтда 671 мингдан зиёд жисмоний ва 13 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар мавжуд бўлиб, уларга жорий йилда 4 миллиард метр кубдан зиёд табиий газ етказиб берилди, бу ўтган 2019 йилга нисбатан 10 фоизга кўп.

Истеъмол ҳажмининг ортиши, биринчи навбатда, пойтахт инфратузилмаси жадаллик билан ривожланиб, янги турар жой массивлар қурилиши, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилаётгани билан боғлиқ. Бу мавжуд газ тақсимлаш тизими инфратузилмасининг кенгайтирилишини талаб этади. 

Ҳозирда Сергели туманида “Ҳудудгазтаъминот”нинг қурилиш бўйича махсус штаби ташкил этилди. Қурилиш майдончасига 2506 метр қувурлар етказиб берилиб, шундан 655 метрини ўрнатиш ишлари якунланди. Қурилиш ишларига 30дан ортиқ мутахассис ва 10дан ортиқ махсус техника жалб қилинган.

Қурилиш лойиҳаси 2021 йил январ ойининг охирига қадар якунланиши режалаштирилган. Унинг фойдаланишга топширилиши пойтахт ягона газ тармоғи ҳалқасини яратиш ва истеъмолчиларга барқарор табиий газ етказиб беришни таъминлайди, хусусан, Чилонзор, Учтепа, Яккасарой, Миробод ва Шайхонтоҳур туманларининг табиий газ таъминотини тубдан яхшилаш имконини беради.    

Top