12:07 / 04.01.2021
25254
«480 грамм вазнда туғилган чақалоқ 2 ёшга тўлди» – Тошкент шаҳри бош неонатологи билан суҳбат

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бош неонатологи Малика Усмонова Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати билан суҳбатда Ўзбекистонда неонатал тиббиёт ривожланиши билан боғлиқ маълумотларни айтиб берди.

Мутахассис бола неонатолог парваришидан сўнг онаси қўлига берилгач, нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисида гапирган.

«Ҳамма янги туғилган чақалоқлар каби бу гўдаклар ҳам тўғри ривожланиши учун нафас олиши ва тана ҳароратининг назорати зарур. Энг муҳими, унинг овқатланиши, иштаҳаси яхши бўлишини доимий кузатиб бориш керак. Тана ҳарорати 36,5 дан 37,5 гача меъёр ҳисобланади. Болани иситиб юбориш ҳам тўғри келмайди. 

Бундай болаларни ота-оналари кўпроқ бағрида олиб юришлари мақсадга мувофиқ. Тана ҳарорати бир меъёрда бўлиши боланинг нафас олиши, кўкрак олиши ва ичи келишига яхши ёрдам беради. Вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб, аудиометрия — эшитиш қобилиятини текшириш, шу билан бирга, офтальмолог ва невропатолог назоратида бўлишлари ҳам лозим. 

Кичик вазнда туғилиб, кейин ривожланиб кетган чақалоқларимиз кўп бўлган. Масалан, бундан икки йил аввал Рисолат исмли қизчамиз 480 грамм вазн билан ҳомиладорликнинг 25-ҳафтасида туғилди. Унинг парвариши, муддатига етиб олиши, соғлом бўлиб уйига чиқиб кетиши учун уч ярим ой вақт кетди. Ҳозир унинг соғлиғи жуда яхши. 

Қизалоқ 2 ёшга тўлди. Ҳар гал уни кўрганимда қувониб кетаман. Шу жажжи мурғаккинанинг яшаб қолиши учун қилган меҳнатимиз бесамар кетмаганидан хурсанд бўламан», деган у. 

Мутахассис ушбу соҳадаги мутахассисларнинг халқаро талабларга мос равишда тажриба орттиришлари учун яратилган шароитларга тўхталган.

«Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида неонатология кафедралари, бир қатор миллий тренерлар ва бош неонатологлар бу соҳанинг ривожланишига ўзларини масъул деб ҳисоблайдилар. 

Жойларда ҳам амалиёт юқори даражада бўлиши учун қўлланмалар, стандартлар тайёрлашади, кураторлик чиқишлари қилиб, амалий ёрдам кўрсатишади. Мутахассислар вилоятлардан мунтазам равишда республикамиз перинатал марказларида, Россия ва бошқа давлатларда ўз малакаларини ошириб келмоқда. 

2018 йил ноябр ойида мамлакатимизда шу йўналишда йирик конференция ўтказдик. Охирги йиллар ҳисоботи, неонатал ютуқларимиз ва режаларимиз ҳақида фикр юритдик. Иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистонда неонатал хизмат жаҳон талабларига мос равишда ривожланиб бораётганини эътироф этишди. Бу бизга берилган юқори баҳо эди. 

Вилоятлардаги ҳамда марказлардаги муассасаларда жиҳозлар бир хил тақсимланган. Ҳудудлардаги бош неонатологлар ва барча неонатологлар бир-бирлари билан узвий боғланишган. 

Марказдаги етакчи клиника ва кафедра ходимларидан ўз вақтида онлайн шаклда маслаҳат олиш имкони бор. Ҳар бир янги маълумот дарҳол барча мутахассисларга етказилади. Кузатувларимиз ва ҳисоботлар вилоятларда ҳам неонатал ютуқларимиз ёмон эмаслигини кўрсатиб турибди», дейди Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бош неонатологи.

Бундан аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Ўзбекистонда вазни ярим кило бўлган чақалоқларнинг яшаб қолиш фоизи сўнгги уч йилда икки баробарга ортгани ҳақида маълумот берганди.

Top