20:25 / 04.01.2021
8027
«Ўзбекнефтгаз»: Электр энергиясидаги авариявий ўчишдан сўнг, газ етказиб бериш қайта тикланди

Қашқадарёдаги 5 та сиқув компрессор станциясидаги 14 та газ ҳайдаш агрегати авариявий ҳолатда тўхтаган. Айни пайтгача уларнинг аксари қайта ишга туширилган.

Фото: "Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизмати

Қашқадарёдаги сиқув компрессор станцияларида юзага келган авариявий ҳолат навбатма-навбат бартараф этилмоқда, деб маълум қилди «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 4 январ куни соат 07:00 да «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Зеварда», «Жанубий Кемачи», «Жанубий Ўртабулоқ», «Денгизкўл», «Сомонтепа» сиқув компрессор станцияларидаги 14 та газ ҳайдаш агрегатлари авариявий ҳолатда тўхтаган.

«Бунинг натижасида «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли магистрал газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи камайди.

Газ ҳайдаш агрегатларидаги авариявий ҳолатга нефт ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергия билан таъминлаб турган «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга тегишли бўлган «Нефтчи 110/35/6 кВ» подстанциясида юзага келган носозлик сабаб бўлган.

Бугун соат 12:45 да «Нефтчи 110/35/6 кВ» подстанциясида юзага келган носозлик бартараф этилди ва кучланиш битта тармоқ орқали берила бошланди», – дейилади «Ўзбекнефтгаз» ахборотида.

Маълум қилинишича, сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари навбатма-навбат қайта ишга туширилмоқда:

  • Соат 13:30 дан 14:12 га қадар "Жанубий Ўртабулоқ" сиқув компрессор станциясидаги 100-, 200-ва 300-сонли газ ҳайдаш агрегатлари;
  • Соат 14:08 дан 16:45 га қадар "Сомонтепа" сиқув компрессор станциясидаги 100- ва 200-сонли газ ҳайдаш агрегатлари;
  • Соат 14:50 дан 19:00 га қадар "Жанубий Кемачи" сиқув компрессор станциясидаги 200-, 300- ва 400-сонли газ ҳайдаш агрегатлари;
  • Соат 14:50 дан 16:00 га қадар "Денгизкўл" сиқув компрессор станциясидаги 100-, 300- ва 400-сонли газ ҳайдаш агрегатлари;
  • Соат 15:40 дан 18:40 га қадар "Зеварда" сиқув компрессор станциясидаги 100- ва 200-сонли газ ҳайдаш агрегатлари ишга туширилган.

«Ҳозирда "Зеварда" сиқув компрессор станциясидаги 300- ва 400-сонли газ ҳайдаш агрегатларини ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли магистрал газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи қайта тикланди.

Ҳозирда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг малакали мутахассислари ҳамкорликда юзага келган ҳолатни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишмоқда», – дейилади компания хабарида.

Аввалроқ, Энергетика вазирлиги Қашқадарёдаги бир нечта газ конларини электр билан таъминловчи тармоқлардаги ўчиш сабаб ИЭСларда газ босими пасайгани, натижада республика ҳудудлари бўйлаб 600–800 МВтгача чекловлар кузатилаётганини маълум қилганди.

Вазирлик муаммо бугун соат 23:00га қадар тўлиқ бартараф этилишини билдирган.

Top