23:24 / 05.01.2021
11680
Китоб тумани ҳокими электр таъминотидаги муаммолардан қийналаётган аҳолига ҳокимлик биносида ҳам чироқ йўқлигини маълум қилди

Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров электр энергияси таъминотида муаммоларга дуч келаётган одамларнинг сўровларига жавобан туман аҳолисига мурожаат қилган ва унда ҳокимлик биносида ҳам чироқ йўқлигини маълум қилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ҳоким аҳолининг электр энергияси таъминотидаги узилишлар ортидан қилинган кўплаб сўровларига жавоб берар экан, чироқ кўп ўчирилаётганига сўнгги кунларда ҳавонинг кескин совиб кетишини сабаб қилиб кўрсатган. Шунингдек, у чироқ муаммосини ҳал қилиш туман ҳокимлиги имкониятидаги иш эмаслигини, бу учун республика ташкилотларига, Энергетика вазирлигига ва таъминотчи соҳа раҳбариятига талаблар қўйилаётганини маълум қилган.

«Мана бир неча кундан буён туманимизда электр таъминоти масаласида узилишлар бўляпти. Айни кунларда об-ҳавонинг қаттиқ совиб бораётганлиги электр энергиясига бўлган талабнинг янада ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Табиийки, бундай пайтда эътирозлар ва мурожаатлар кўпаяди. Таъминотдаги узилишлар сабаблари айтилганда ҳаммаси худди баҳонадек таассурот қолдириши тайин.

Азиз тумандошлар! Мавжуд вазият масалага очиқ кўз билан қарашни тақозо этади. Бу туман ҳокимлиги даражасида ҳал бўладиган муаммо эмас. Бу муаммони бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлиги номидан юқори турувчи республика ташкилотларига, хусусан, Энергетика вазирлиги, таъминотчи соҳа раҳбариятига бир неча бор расман алоқага чиқиб, аҳволни яхшилаш тўғрисида талаблар қўймоқдамиз», – деган ҳоким.

Шундан сўнг, Алишер Зокиров Энергетика вазирлиги ҳамда «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизматларининг электр таъминотидаги узилишларга берган муносабатини келтирган.

Алишер Зокиров мурожаатида ўзи ҳам Китоб туманида яшашини ва ҳокимлик биносида ҳам чироқ йўқлигини, электр таъминотидаги узилишлардан туман ҳокимлигига ҳеч бир манфаат йўқлигини маълум қилган. Шунингдек, электр таъминотидаги муаммолар ҳукумат даражасида ҳал қилинишига умид билдирган.

«Туман ҳокими сифатида шахсан мен ҳам шу туманда яшайман. Мавжуд ҳолат туфайли ҳокимият биносида ҳам электр таъминоти йўқ.

Қадрли тумандошлар! Оталар, оналар, опа-сингиллар, ака-укалар! Туманда чироқ бўлмаслигидан туман раҳбарияти учун ҳеч қандай манфаат йўқ. Балки, бир муаммомиз иккита ва ундан кўпга ортади. Биз аҳвол ўнгланиши бўйича ҳаракатимизни бир зум ҳам тўхтатмаймиз. Тез орада ҳукумат даражасида бу ҳолат бартараф этилишига ишонамиз.

Ўйлаймизки, Сиз ҳурматли фуқаролар, бу вақтинчалик қийинчилик ҳал этилгунига қадар вазиятни тушунган ҳолатда баҳолаб, ички имкониятлардан борича фойдаланишга ҳаракат қиласиз. Албатта, умид қиламизки, туманимизда ҳам электр таъминоти тез орада изга тушади», – деган Алишер Зокиров.

Аввалроқ, «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 900 МВт бўлган иккита энергоблок тўхтаганлиги сабабли Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудлари қисман, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз тумани, Шаҳрисабз шаҳри, Китоб туманлари эса электр таъминотидан тўлиқ узилганини маълум қилган эди.

Top