21:23 / 06.01.2021
6400
Сенат қонунлар матнини нега эълон қилмайди? Сенатор жавоби

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилаётган қонунлар матни жамоатчиликка эълон қилинмаслиги эътирозларга сабаб бўлмоқда. Шу сабабли Сенат қуйи палатадан келиб тушган қонунни маъқуллаши учун аввал унинг матнини эълон қилиш шартини қўйиши мумкинми?

Kun.uz мухбири Конституцияга киритилаётган ўзгартиш мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида шундай савол билан Сенатнинг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чўллиевга мурожаат қилди.

«Фикримча, Қонунчилик палатаси имкон қадар қонунлар матнларини эълон қилиб боряпти. Қолаверса, қонун ташаббускорлари лойиҳани Қонунчилик палатасига киргизгунча ҳам эълон қилишади.

Қонунларни кўпинча бизга тақдим қилиш вақти чўзилиб кетади. Масалан, 5 январ куни учинчи ўқишда қабул қилинган қонунни 20 кундан кейин ҳам тақдим қилиши мумкин. Сабаби, уларда матн устида ишлов жараёни давом этади.

Уларнинг ички «кухня»сига аралашмоқчимасман-у, ўзимнинг шахсий фикрим: қонун матнини бизга тақдим қилгунча эълон қилиш мураккабликлар туғдирса керак.

Иккинчи масала: Қонунчилик палатаси ҳеч бўлмаганда, бизга тақдим қилиш жараёнида жамиятга, фуқароларнинг ҳуқуқларига оид ёки бюджет билан боғлиқ қонунларни эълон қилиб бориши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу шахсий фикрим», – деди сенатор.

Kun.uz мухбирининг: «Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунлар Сенатга келиб тушганида, Сенат уларнинг матнини эълон қилиб бора оладими?» деган саволига Шуҳрат Чўллиев қуйидагича жавоб берди.

«Конституция ёки бошқа қонунларга эътибор қаратган бўлсангиз, Сенат келиб тушган қонунни ё маъқуллайди, ё рад қилади.

Агарда Қонунчилик палатаси бизга тақдим қилган қонунни ўзининг сайтида эълон қиладиган бўлса, ушбу матн билан давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, эълон қилинган қонуннинг матни бир хил бўлиши шарт ва бу жараёнда Сенатга келиб тушган қонунни Сенат томонидан эълон қилишга ҳожат йўқ.

Сенатга келиб тушган қонунни эълон қилишга тақиқ ҳам йўқ, бундай ваколатимиз ҳам йўқ.

Демоқчиманки, биз қонунни ўзгартиришга ваколатимиз бўлмаганидан кейин, биздаги қонун ҳали кучга кирмаган ҳисобланади. Уни эълон қилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайман. Сабаби, бизга келиб тушган қонунлар ойлар давомида ҳам ўрганилиши мумкин. Ҳали кучга кирмаган қонунни эълон қилиб қўйсак, менимча, тушунмовчиликларга олиб келади», – деди Чўллиев 5 январ кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Конституциясига 15-марта ўзгартиш киритилмоқда. Бу ўзгаришлар судларнинг ташкилий тузилмасидаги янгиликлар билан боғлиқ.

Конституцияга ўзгартиш киритилиши ҳақидаги қонун матни эълон қилинмагани муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Шундан сўнг, одатда қонунлар матнини эълон қилмайдиган Сенат «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун матнини чоп этди.

Қонун 6 январ куни юқори палата ялпи мажлисида маъқулланди. Ҳужжат президент имзолаб, расман эълон қилинган кундан кучга киради.

Top