17:51 / 09.01.2021
9065
“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари “Uzbekneftegaz GTL” заводидаги ишга тушириш олди ишлари боришини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев 2021 йилдаги илк расмий ташрифини Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналаридан бошлади.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бугун, 8 январь куни “Uzbekneftegaz GTL” корхонасининг қурилиш майдонида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раҳбарлигидаги кўчма ишчи гуруҳ йиғилиши ҳам ўтказилди.

Йиғилишда инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишларини якунлаш ҳолати, ташқи инфратузилма объектлари қурилишининг олиб борилиши, шунингдек, “Uzbekneftegaz GTL” корхонасининг ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларининг амалга оширилиши батафсил муҳокама қилинди.

Бугунги кунга келиб, корхонанинг қурилиш майдонида асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишлари фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Қурилиш майдонида асосий қурилиш-монтаж ишлари якунлангани туфайли ходимлар сони тобора камайиб, айни пайтда 9 минг нафарга яқин ходим ишини давом эттирмоқда ҳамда 600 тага яқин махсус техника жалб этилган.

Октябрь ойида корхонада асосий подстанция ишга туширилди ва корхонага электр таъминоти қабул қилиниши бошланди, шунингдек, 2-сон назорат-ўлчов приборлари ва автоматика хонаси биносида ишга тушириш-созлаш ишлари якунланди. 

Бундан ташқари, корхонанинг Марказий бошқарув пульти, назорат-ўлчов приборлари ва автоматика тизими учун сиқилган ҳаво ишлаб чиқариш қурилмаси (75-қурилма), шунингдек, бир қатор бошқа қурилмалар ишга туширилди.

Лойиҳа амалга оширилиши билан танишиш давомида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув Кенгаши раисининг шахсий иштирокида, хом сув тайёрлаш қурилмасининг биринчи босқичи, яъни деминерализацияланган сувни ишлаб чиқариш тизимидаги ишга тушириш-созлаш ишларига старт берилди (71- ва 87- қурилмалар).

Кўчма ишчи йиғилиш якунлари бўйича Бошқарув раиси томонидан ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларининг юқори сифатли бажарилиши ҳамда корхонанинг муваффақиятли ишга туширилишини таъминлашга қаратилган қатор кўрсатмалар берилди.

Бошқарув раиси хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги қоидалари ва талабларига қатъий риоя қилиш, корхонанинг эксплуатация ходимларини юқори сифатли тайёрлаш, шунингдек, ишга тушириш-созлаш ишларини юқори сифат билан бажаришга қаратилган қатор бошқа кўрсатмаларга алоҳида эътибор қаратди.

“Uzbekneftegaz GTL” корхонасининг ишга туширилиши жорий йилга режалаштирилган бўлиб, унда 93 минг тонна авиакеросин, 220 минг тонна дизель ёнилғиси, 133 минг тонна нафта ва 16 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишлари фаол суръатларда давом этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Top