11:12 / 17.01.2021
5482
“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш”га доир йиғилиш ўтказилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ”нинг Қашқадарёга ташрифи доирасида Шўртан газ кимё мажмуасида бир қатор йўналишларда муҳокама ўтказилди.

Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида “Шўртан газ кимё мажмуасининг тозаланган метан асосида суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” (GTL), унинг ташқи инфратузилма объектларининг қурилиши ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестицион лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур сайёр йиғилиш “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигида ўтказилиб, унда раис ўринбосарлари, тегишли департамент, бўлим ва бошқа ташкилот раҳбарлари қатнашди.

Йиғилишда GTL лойиҳаси, унинг ташқи инфратузилма объектларининг қурилиши ҳамда “Шўртан газ кимё комплексининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестицион лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.

GTL лойиҳаси 2021 йилнинг июль ойида ишга топширилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда завод қурилиши жадал суръатда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишларнинг умумий ҳажми 94%ни ташкил этиб, технологик зонада қурилиш-монтаж ишлари 85%га етказилди. Умумий 1045 дона ускунадан 1010 таси олиб келинган бўлиб, шундан 814 донаси технологик зонада ўрнатилган.

Айни дамда завод қурилиш майдончасида 10 мингга яқин ишчи ва 600 дан ортиқ махсус техника сафарбар этилган бўлиб, босқичма-босқич ишга тушириш ишлари амалга оширилмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида вужудга келган қийинчиликларга қарамай, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ишга тушириш ишларини амалга ошириш учун чет эллик мутахассисларни олиб келиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳозирга қадар, заводнинг ташқи электр таъминоти объектлари ишга туширилди ва завод тизимдан электр энергияни қабул қилишни бошлади. Заводнинг марказий бошқарув пульти, назорат ўлчов ва автоматика тизимининг 2-сонли бошқарув биноси, назорат ўлчов ва автоматика ускуналари учун сиқилган ҳаво ишлаб чиқариш қурилмалари ишга туширилди.

Темир йўл, қўриқчилик хизмати шаҳарчаси, “GTL“ заводининг маъмурий биноси, завод периметри бўйлаб тўсиқ девор тортиш ва автомобиль йўл қурилиши ишларини амалга ошириш давом этмоқда. Мазкур ишларни жорий йилнинг 2-чорагида якунлаш кўзда тутилган.

Ўтказилган йиғилиш давомида “Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестицион лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Мазкур лойиҳа доирасида “GTL“ заводида ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш натижасида, юқори даромадли бўлган йилига 280 минг тоннагача полиэтилен ва 100 минг тоннагача полипропилен ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ҳозирда батафсил лойиҳалаштириш, материал ва ускуналарга буюртма бериш ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳани молиялаштириш мақсадида “Газпромбанк”дан 300 млн доллар миқдорида кредит маблағлари жалб қилинган. Бундан ташқари, Хитой давлат тараққиёт банки ва бошқа хорижий банкларнинг кредит маблағларини жалб қилиш ишлари давом этмоқда.

Бу икки лойиҳани амалга ошириш асносида Қашқадарё вилоятида газ-кимё кластери яратилади. Йиғилиш давомида ташкилот раҳбарларига лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, барча объектларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Мавжуд муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида, Мувофиқлаштирувчи гуруҳ ҳамда бошқарув раисининг ўринбосарлари бошчилигида ишлаб чиқариш ва технология, молия-иқтисод, қурилиш ва тайёр маҳсулот реализацияси масалалари бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, бажариладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Top