21:30 / 20.01.2021
25263
«Биз ишчига зормиз». Ҳоким ўринбосари бўш иш ўринлари ва етишмаётган ишчилар ҳақида гапирди

Наманган вилоятидаги бир неча корхоналарда ишчи кучи етишмаётгани, вилоят аҳолисининг аксарияти 2-3 миллион сўм ойликка ишлашни истамаётгани маълум қилинди. 

Окибжон Иномов / Фото: Kun.uz

Наманган вилояти ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Окибжон Иномов 12 январ куни ОАВ вакиллари билан ўтказилган матбуот анжуманида корхоналарга ишчилар етишмаётгани ҳақида маълумот берди, дея хабар қилди Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, ҳоким ўринбосари журналистлардан бирининг вилоятда ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилса-да, нега ишсизлик даражаси ҳамон юқорилиги ҳақидаги саволига жавоб қайтарган.

«Биз ишчига зормиз, ака. Барака топкур, 2-3 миллион сўм ойлик қилиб берамиз, келиб ишла. Бирга ишласак жой ва шароитингни қилиб бераман деймиз, лекин ишлайдиган одам йўқ. 2-3 миллион сўм ойликка ишлайдиган ишчи топа олмаяпмиз. Агар ҳозироқ 200 та одам бўлса, уларни битта корхонанинг  ўзига ишга оламиз.

Айни пайтда «Юксалиш» кичик саноат зонасида қурилиш ишлари кетяпти. Шунга қурувчи ва ишчилар топа олмаяпмиз.

Кичик саноат зоналарини ҳар куни мониторинг қиламиз. Раҳбарлари «ака, ишчилар топиб беринг, ойлигини берамиз», дейишади. Ҳозир қишда кўпчилик уйда ўтирибди. Ҳамма жойда рекламалар эълон қиляпмиз. Йўқ ишчилар, топа олмаяпмиз.  

2-3 миллион сўм ойлик 200-300 долларга тўғри келади. Мусофир юртга бориб ҳам 500 долларга ишлашади. Шу пулнинг 200 долларини ўзига сарфлаб, қолган 300 долларини уйга жўнатяптида», деди вилоят расмийси.

Шунингдек, ҳоким ўринбосари 2021 йилда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналари сони 100 тага етказилишини маълум қилган. Бунинг учун давлат бюджетидан 50 миллион доллар маблағ ажратилган. 

Top