20:55 / 20.01.2021
2911
Танқиддан сўнг: Юнусобод марказидаги чиқиндихона тозаланди
Фото: Юнусобод тумани ҳокимлиги

Бугун, 20 январ куни Kun.uz'да Юнусобод тумани, Шаҳристон кўчасидаги уйлар атрофи чиқиндилар билан тўлиб кетгани ҳақида «Юнусобод марказидаги маҳалла чиқиндихонага айланиб қолмоқда. Масъуллар эса жим» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Юнусобод туман ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов ва Тошкент шаҳар прокуратураси ходимлари кўтарилган масалага эътибор қаратиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган амалий чоралар кўрилди.

Мазкур ҳудуддаги мумкин бўлмаган жойга ташлаб кетилган маиший ва қурилиш чиқиндилари махсус техника воситалари жалб этилган ҳолда олиб кетилган.

Шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Севара Саиджонованинг маълум қилишича, 89-уй олдидаги мақсадсиз қуйилган фундаментнинг тақдирига ҳам тез кунда аниқлик киритилиб, олиб ташлаш чоралари кўрилиши назоратга олинган. Ушбу ҳудудда яшовчи аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилиши юзасидан маҳалла раиси ва профилактика нозирига зарур кўрсатмалар берилгани айтилган Юнусобод туман ҳокимлиги ва шаҳар прокуратураси берган ахборотда.

Top