19:04 / 21.01.2021
13705
Бағдодда уч йил ичидаги илк теракт: икки портлаш оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакат пойтахтидаги бозорда худкуш томонидан содир этилган икки портлаш оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлган ва 110 киши яраланган.

Фото: Reuters

Ироқ армияси вакилининг айтишича, террорчи Боб ал-Шарқий туманидаги Таяран майдонидаги сабзавот бозорида ўзини портлатиб юборган. Унинг сўзларига кўра, махсус хизматлар террорчини таъқиб қилишган, аммо у портловчи моддани ҳаракатга келтиришга улгурган.

Бағдодда худкуш ижросидаги теракт сўнгги марта 2018 йил январида содир этилганди. Сўнгги ўн йилликда Ироқнинг тинч аҳолисига бу каби ҳужумлар уюштирилиши оқибатида мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Ҳозиргача бирор террорчи ташкилот Бағдоддаги теракт учун жавобгарликни зиммасига олмади, сўнгги йилларда бу каби ҳужумлар ИШИД аъзолари томонидан амалга оширилган.

«Бу ҳужум ортида ИШИД террорчилари турган бўлиши эҳтимоли юқори», деган Ироқ фуқаро муҳофазаси кучлари қўмондони, генерал-майор Кадим Салман. У ИШИДни ифодалаш учун арабча аббревиатурани қўллаган.

ИШИДга қарши халқаро амалиёт бошлангунига қадар жангарилар Ироқ ва Сурияда жами 88 минг кв. км майдондаги ҳудудни эгаллаб олишганди - бу Австрия ёки Чехия майдонидан каттароқ. Ироқдаги энг йирик икки шаҳардан бири, миллиондан ортиқ киши яшайдиган Мосул ва Суриянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Раққа ҳам ушбу ҳудуд ичида қолганди.

2017 йилда ИШИДнинг қуролланган отрядлари тор-мор этилган, аммо кичик гуруҳлар яширин тарзда фаолият кўрсатишда давом этган.

Шу ҳафтада мамлакат энергетика вазирлиги экстремистлар томонидан инфратузилмалар объектларига ҳужумлар уюштирилгани ҳақида хабар берганди.

Ижтимоий тармоқларда ҳужум вақти олинган видео тарқалган, унда худкуш одамлар тўпланиб турган майдонда ўзини портлатгани акс этган.

«Ассошиэйтед Пресс» агентлиги хабарига кўра, бу ҳужум ИШИДнинг бошқа терактларини эслатган ва Ироқ ҳукумати шу ҳафта октябр ойида муддатидан олдинги сайловлар ўтказилиши ҳақида хабар қилганини эслатган.

Янги сайловлар ўтказилиши 2019 йил кузида коррупция ва давлат органлари фаолиятига норозилик сифатида кўчаларга чиққан намойишчиларнинг талабларидан бири эди.

Намойишлар бостирилиши вақтида камида 550 киши ҳалок бўлган. Лекин намойишчилар бош вазир истеъфога чиқишига, шунингдек, 2020 йилда ҳукумат намойишлар вақтида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига товон пули тўлашни ваъда қилишга эришганди.

Митинглар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувлар шу вақтга қадар давом этиб келмоқда, Ироқ иқтисодиёти эса жаҳон бозорида нефть нархи пасайиб кетгани туфайли инқирозли ҳолатда қолмоқда.
 

Top