09:30 / 21.01.2021
1832
«Ўзбекнефтгаз»: Маҳаллийлаштириш ва кооперация бўйича виртуал кўргазма ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил ноябрь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларга мувофиқ, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг онлайн кўргазма портали (виртуал кўргазмаси) тест режимида ишга туширилди.

Порталдан тизим таркибидаги 8 та саноат корхонаси бўйича 8500дан ортиқ турдаги харид маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳамда 20дан ортиқ турдаги ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳақида маълумотлар ўрин олган.

Порталнинг кириш саҳифасида Қарши шаҳрида ташкил этилган маҳаллийлаштириш ва кооперация павильонига 360 даражали периферик тур ташкил этилган.

Таъкидлаш жоиз, республика хўжалик бирлашмалари орасида илк маротаба экспериментал кўринишда ташкил этилган мазкур портал фойдаланувчи билан онлайн режимда қайта алоқа ўрнатиш, маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича буюртмаларни рўйхатга олиш, шоу-румларга онлайн ташриф буюриш каби функциялар билан жиҳозланган.

Товар-моддий бойликлар – уларга бўлган йиллик эҳтиёж миқдори, уларнинг жисмоний ҳажми, ташқи кўриниши, фойдаланиш мақсади, талаб этиладиган стандартлар ҳамда техник топшириқномалар бўйича жойлаштирилди.

Ҳозирда порталдан фойдаланиш бўйича анимацион роликни тайёрлаш, портални ўзбек ва инглиз тилидаги кўринишларини тўлиқ ишга тушириш, республика ягона электрон кооперация портали (cooperation.uz) ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан жорий этилаётган рақамлаштирилган тизимларга тўлиқ интеграция қилиш устида ишлар олиб борилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top