16:53 / 21.01.2021
4365
Тошкентда маҳалла раисларига ажратилаётган маблағлар нималарга сарфланиши маълум қилинди

Тошкентдаги 519 нафар маҳалла раисларининг ҳар бирига 50 млн сўмдан ажратилмоқда.

Тошкентда аҳоли муаммоларини ҳал этиш учун кўплаб масъуллар, хусусан маҳалла раисларига ҳам пул ажратилмоқда, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Пойтахтдаги 519та МФЙ раисининг ҳар бирига маҳаллалардаги ижтимоий муаммоларни бартараф этиш учун 50 млн сўмдан (жами 26 млрд сўм) ажратилиши белгиланди.

Энг намунали деб топилган 50та МФЙ раҳбарига Мустақиллик байрами арафасида «Спарк» автомобили ҳомийлар ҳисобидан совға сифатида берилиши режалаштирилган.

Шаҳар кенгаши депутати Наима Жабборованинг сўзларига кўра, маҳалла раисларининг бу маблағларни тўғри сарфлаши назорат қилинади.

Наима Жабборова

«Маҳалла раиси подшомас. МФЙда тафтиш кенгаши бор. Ҳар бир сарф-харажат ана шу кенгаш билан ҳал қилинади.

Бу пуллар маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтожларга, операцияга муҳтож беморларга маълум миқдорда берилиши, ногиронлик аравачалари олиб берилиши ёки шу пайтгача эътиборсиз қолдирилган муаммоларни бартараф этишга ҳам сарфланиши мумкин.

Бу 50 млн ҳеч кимнинг қўлига берилмайди. Ҳисобрақамга тушади, ҳар бир харажат учун ҳужжат талаб қилинади. Давлатнинг ҳар бир сўми учун биз жавоб берамиз», – деди Наима Жабборова матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда аҳоли муаммоларини ҳал этиш учун мутасаддиларга маблағ ажратилиши ҳақида шаҳар кенгашининг ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирокида ўтган 19 январь кунги сессиясида маълум қилинган эди.

Унга кўра, 2021 йилда Тошкентда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун:

  • шаҳар кенгашининг ҳар бир депутатига 2 млрд сўмдан (60 нафар депутатга жами 120 млрд сўм);
  • туман кенгашларининг ҳар бир депутатига 100 млн сўмдан ажратилади.

Сайёр қабулларда аниқланган муаммолар ечими учун:

  • шаҳар сектор раҳбарларига 5 млрд сўмдан;
  • шаҳар Миллий гвардия бошқармаси бошлиғига 2 млрд сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари:

  • мактаб, боғча ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун қўшимча 80 миллиард сўм;
  • дарахтлар экиш учун 30 млрд сўм ажратилади.

Шаҳар кенгаши депутати Тошпўлат Матибаевнинг маълум қилишича, аҳоли вакиллари ўз ҳудудларидаги ижтимоий соҳа муаммолари бўйича ҳудудлардаги ўз депутатларига мурожаат қилади. Депутат масалани ўрганиб чиққач, ҳокимиятга таклиф киритади.

Тошпўлат Матибаев

Шаҳар ёки туман депутатлари тақдим этган ҳар бир лойиҳа кенгашда муҳокама қилинади. Ажратилган пуллар давлат дастурига киритилмаган лойиҳаларга йўналтирилиши кўзда тутилган.

Top