17:52 / 27.01.2021
3006
Қўқонда коммунал хизматларни яхшилаш учун 10 миллиард сўмга яқин пул сарфлангани айтилди

Қўқон шаҳар «Темирйўлчилар» маданият саройида вилоят ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш якунлари ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлар юзасидан Халқ депутатлари вилоят ва Қўқон шаҳар кенгашининг қўшма сессияси бўлиб ўтди.

Фото: KUN.UZ

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, доимий комиссия раислари, вилоят сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўшма сессияда вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров иштирок этиб, амалга оширилган ишлар юзасидан Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгаши депутатларига ҳисобот берди. Таъкидланишича, ўрганишлар давомида шаҳардаги мавжуд 49 814 та аҳоли хонадони бирма-бир ўрганилиб, фуқароларни қийнаб келаётган 8 016 та муаммо аниқланган.

Вилоят сектор раҳбарлари, бошқармалар, ташкилотлар ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунга қадар аниқланган 6 449 та муаммо ижобий ҳал этилган. Тадбиркорликка оид масала ва таклифлар билдирган 176 нафар фуқаро мурожаати тўлиқ ўрганилиб, барчасига ер майдонлари ажратиб берилган.

Сессияда айтилишича, шаҳарда «Қўқон ёшлар кичик саноат зонаси» ташкил қилиниб, муҳандислик коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ишларига 3,5 млрд. сўм маблағ ажратилиб, ўрганишлар давомида 86 тадбиркорга ер майдони ажратиб берилди. Иш сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 240 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган 3 183 нафар фуқарога 2,1 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, 11 нафар фуқарога қиймати 60 млн. сўмлик тикув машиналари ҳомийлик асосида етказиб берилди, ОТМда ўқиётган 7 нафар талабага 42 млн. сўм контракт пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, 47 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари берилди, 11 нафар фуқаро қулоқ эшитиш мосламаси билан таъминланди, 2 нафар фуқарога протез-ортопедия маҳсулотлари олиш учун имтиёзли талон берилди. 63 нафар фуқарога соғлиғини тиклаши учун сиҳатгоҳга йўлланма ва имтиёзли ордер берилди. Ушбу ишларга 65,2 млн. сўм маблағ сарфланди.

Сессияда, шунингдек, уй-жойини таъмирлаш бўйича энг оғир шароитдаги хонадонларнинг 79 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани айтилди. Уларнинг 28 таси янгидан қурилмоқда ва бу учун 3,1 млрд. сўм маблағ ажратилди. Кўп қаватли уйларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришга эса 2 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича аниқланган муаммоларни бартараф этишга 1,8 млрд. сўм маблағ сарфланган бўлса, газ таъминотини яхшилаш ишларга 745 млн. сўм, ичимлик ва оқова сув таъминоти бўйича 7,1 млрд. сўм маблағ сарфлангани маълум бўлди. Харажатларнинг барчаси маҳаллий бюджет, корхона ва ташкилотлар ҳисобидан 30,4 млрд. сўм маблағлар ҳисобига амалга оширилган.

Ижтимоий ҳаётнинг бошқа барча йўналишлари бўйича қўшимча муддат ва кўп маблағ талаб этиладиган қолган 1 567 та, яъни 19,5 фоиз мурожаатлар вилоят ва шаҳар даражасида ҳал этилишини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»га киритилиб, қўшма сессия қарори билан тасдиқланди.

Top