10:42 / 27.01.2021
6275
ЙПХ ходимига қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан кетиб қолган ҳайдовчи 8 суткага қамалди

Жорий йилнинг 25 январь куни ижтимоий тармоқларда йўл-патрул хизмати ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги жанжал акс этган видеолавҳа тарқалди.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 25 январь куни белгиланган тақсимот асосида Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, Чоршанбе қўрғонида хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари Б.Хўжақулов ва Х.Йўлдошевлар томонидан соат 12:10ларда, ушбу ҳудудда жойлашган тиббиёт бирлашмаси биноси рўпарасида давлат рақам белгиси бўлмаган “Кобальт” русумли автомобиль тўхтатилган.

ЙПХ ходими меъёрий ҳужжатларини сўраган вақтида, ҳайдовчи ҳужжатлари йўқлигини маълум қилган. ЙПХ ходими белгиланган тартибда чора кўриши зарурлигини айтган вақтида ҳайдовчи ходимларга қаршилик кўрсатган ва ўзаро тортишув сабаб атрофда фуқаролар тўпланишига сабаб бўлган.

Ҳайдовчи қаршилик кўрсатишда давом этиб, автомобилда воқеа жойидан кетиб қолган.

ЙПХ ходими белгиланган тартибга кўра, ЙҲХБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилган. Билдирги асосида суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳайдовчи аниқланган ва унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судига юборилган.

Суд томонидан ҳайдовчи О.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган дея топилиб, унга 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Top