00:02 / 28.01.2021
5214
Тошкентда 26 минг ишсиз ёшлар бор, вакант ўринлар эса бундан 3 баробар кўп

Тошкент шаҳрида 26 минг ёш ишсиз. Лекин айни пайтда бу ерда 77 мингта вакант бор, шундан 45 мингтасига олий маълумот талаб этилмайди.

Бу ҳақда 27 январь кунги президент селекторида сўз борди.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ёшларни касбга ўқитиш орқали малака тоифасини бериб, шундай вакант ўринларга жойлаштириш мумкин.

2020 йил октябрдаги фармонга асосан, дипломи йўқ, лекин амалий кўникмаси бор ёшларни малакани баҳолаш марказларида ўқитиб, сертификат бериш тизими жорий этилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига «Ишга марҳамат» мономарказларида, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик саноат тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг йигит-қизга малака сертификати бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.

Тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит олишда суғурта тўлови бўйича кўмаклашиш юзасидан топшириқлар берилди.

Бандликни таъминлашда энг катта захиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратишдир. Лекин, ўтган йили бу борада мурожаат қилган 14 минг нафар ёшдан атиги 3 мингига ер берилган, холос.

Бош вазир ўринбосарига жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тартибини жорий этиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Top