11:01 / 31.01.2021
39504
Трамп Мар-а-Лаго қароргоҳидан чиқариб юборилиши мумкин
Фото: Splash news

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Флоридада унга қарашли Мар-а-Лаго қароргоҳи турар жой сифатида рўйхатга олинмагани сабабли ундан мажбурий равишда чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.

Трамп ушбу масканни 1985 йилда сотиб олган. Кейинроқ у масканни хусусий гольф-клубга айлантирган ва айнан шу ҳолат унга ўз қароргоҳида доимий равишда яшаш ҳуқуқини бермайди. 

“Мар-а-Лагонинг Трампнинг доимий қароргоҳи ёки офиси сифатида қўлланиши Палм-Бич шаҳри маъмурияти томонидан кўриб чиқилмоқда ва бу бўйича қарор шаҳар кенгашининг 9 февралда ўтадиган йиғилишида муҳокама қилинади”, деб маълум қилган Палм-бич бошқарувчиси Крик Блуэн.

Таъкидланишича, Трамп қароргоҳни гольф-клубга айлантирган вақтда шаҳар маъмурияти билан қароргоҳда чекланган вақт бўлиш бўйича келишиб олган. Трамп ўшанда Мар-а-Лагода йилига кўпи билан 21 кун бўлишга рози бўлган. АҚШнинг собиқ президенти хусусий қароргоҳни бизнес объектига айлантириш учун бошқа чекловларга ҳам кўнган. Мисол учун, Мар-а-Лагодаги гольф-клубнинг 500дан кўпроқ аъзоси бўлмаслиги, клуб аъзолари, жумладан Трамп Мар-а-Лагода узлуксиз 7 кун ёки йилига 3 ҳафтадан кўп қолмаслиги кераклиги белгиланган.

Бироқ Трамп президент бўлган кезда Мар-а-Лагода белгиланганидан кўпроқ вақт ўтказган.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Флоридадаги курорт аҳолиси Трамп Оқ уйдан кетгандан кейин Мар-а-Лагони ўзининг доимий яшаш жойига айлантиришини истамаяпти. Ўз навбатида Трампнинг Trump Organization компаниясида собиқ президентга Мар-а-Лагони қароргоҳ сифатида қўллашни тақиқловчи бирорта ҳужжат ёки келишув йўқлиги айтилган.

Top