17:08 / 01.02.2021
2311
Январь ойида 1 фоизлик инфляция қайд этилди

2021 йилнинг илк ойида Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга қимматлашди. Хизматлар нархи эса 1,4 фоизга кўтарилди.

Фото: Fotolia

2021 йил январь ойида Ўзбекистон истеъмол бозоридаги инфляция даражаси 1 фоизни ташкил этди, деб маълум қилди Давлат статистика қўмитаси.

Ўтган йилнинг январь ойи билан таққослаганда, сўнгги бир йилда истеъмол секторида нархлар 11,6 фоизга ошган.

2021 йилнинг илк ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар эса 1,4 фоизга қимматлаган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида булғор қалампири ва узум (8,6 фоиз) ҳамда анор (8,2 фоиз) нархлари сезиларли кўтарилган.

Гўшт маҳсулотлари 0,8 фоизга, сут маҳсулотлари ва тухум 1 фоизга, ёғ ва мой маҳсулотлари 1,5 фоизга, помидор 3,4 фоизга, картошка 2,3 фоизга, пиёз 2,2 фоизга, олий навли ун 1,4 фоизга, макарон маҳсулотлари 0,9 фоизга қимматлашган.

Изоҳланишича, нархлар ошиши асосан мавсумий омиллар билан боғлиқ.

  • Эслатиб ўтамиз, 2020 йил давомида инфляция кўрсаткичи 11,1 фоиз бўлгани қайд этилди. Ўтган йили озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 15,3 фоизга кўтарилди.
  • 1 февралдан бошлаб бюджет ташкилотларида ойликлар, талабалар стипендиялари ва жарималар миқдори 10 фоизга кўтарилди.
  • Марказий банк 2021 йилда инфляция даражаси 9–10 фоиз бўлишини прогноз қилган.
  • Ҳукумат 2022 йилда 10–11 фоизлик, 2023 йилда эса 7–8 фоизлик инфляцияни мўлжал қилмоқда. Марказий банк эса 2023 йилга бориб 5 фоизлик таргетга эришишни режалаштирган.
Top