14:30 / 02.02.2021
2216
«Ўзбекнефтгаз»: «Ernst & Young» 2019 йил учун тузилган молиявий ҳисоботга ижобий хулоса берди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида 2019 йил учун тузган молиявий ҳисоботига «Ernst & Young» аудиторлик компанияси томонидан навбатдаги ижобий хулоса берилди.

2019 йил 9 июль куни имзоланган «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4388-сонли ва 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон билан тасдиқланган «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖда халқаро аудиторлик ва консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда, мустақил ташқи молиявий аудит ўтказилмоқда.

Жаҳондаги йирик тўртта аудитор-консалтинг компанияларидан бири ҳисобланмиш «Ernst & Young» аудиторлик компанияси, олдин маълум қилганимиздек, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2016–2017 ва 2018 йиллар фаолияти бўйича МҲХС асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот (220дан ортиқ тизим корхона ва ташкилотлар ҳисоботи жамланган) юзасидан ижобий аудиторлик хулосаларини берган эди.

Маълумотнома: «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2016–2017 йиллардаги ҳисоботи учун 2020 йил 5 июнда, 2018 йил ҳисоботи учун 2020 йилнинг 24 ноябрида ижобий аудиторлик хулосалари олинган ва расмий веб-сайт ҳамда uzblog.ung.uz'да эълон қилинган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ–6096-сонли фармони талабларини бажариш юзасидан, «Ўзбекнефтегаз» АЖда бизнес жараёнларни трансформация қилиш, халқаро корпоратив кредит рейтингини олиш ҳамда хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишни жадаллаштириш мақсадида, Бошқарув Раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖни трансформация қилиш ва халқаро кредит рейтингини олиш ҳамда МҲХС бўйича ҳисоботларни тақдим этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, унга мувофиқ «Ўзбекнефтегаз»АЖ 2016–2019 йиллар учун барча консолидациялашган молиявий ҳисоботлар халқаро рейтинг агентликларига тақдим этиш бошлаб юборилган.

Жорий йилнинг 31 январь куни «Ernst & Young» халқаро аудиторлик компанияси томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг МҲХС асосида 2019 йил учун тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот (200дан ортиқ корхона ҳисоботлари жамланган) бўйича кутилган ижобий аудиторлик хулосасини берди.

Шубҳасиз, мазкур аудиторлик хулосасини олишда ва консолидациялашган молиявий ҳисобот кўрсаткичларининг шаффофлигини таъминлашда бир қатор эксперт ҳисоботлари ҳам талаб этилди.

Жумладан, жамиятнинг 2019 йил 31 декабрь ҳолатида ер ости углеводородлар захираси жаҳонда машҳур «DeGoleyer & MacNaughton» консалтинг компанияси, тизим бўйича асосий воситалар ва тугалланмаган қурилиш объектларининг ҳаққоний қиймати қадрсизланиши (иқтисодий эскириши) ҳамда «Ўзтрансгаз»АЖнинг акциядорлик капиталидаги улушнинг ҳаққоний қиймати «KPMG Tax & Advisory» баҳоловчи компанияси ҳамда ходимлар олдидаги ижтимоий мажбуриятларнинг актур ҳисоб-китоби «Actuary Service» компанияси томонидан баҳолаб берилди.

Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар бўйича олинган мазкур аудиторлик хулосалари асосида «Ўзбекнефтгаз» АЖ халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш, халқаро фонд биржаларида ўз еврооблигацияларини эмиссия қилиш, халқаро стандартлар асосида корпоратив бошқарувни татбиқ этиш ва бошқа прогрессив тизимларни жорий этишни мақсад қилган.

Х.Тухсанов,
МҲХСни жорий этиш бўлими бошлиғи

Top