23:57 / 02.02.2021
4793
Пандемия вақтида шифокорларга 39 миллион фунт стерлинг тўплаган 100 ёшли фахрий коронавирусдан вафот этди

Британияда пандемия вақтида тиббий ходимларга ёрдам сифатида 39 миллион фунт стерлинг тўплаган уруш фахрийси Томас Мур 100 ёшида коронавирус асоратларидан вафот этди. 

Фото: EPA

Мур 2020 йил пандемия бошидаги карантин вақтида Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизматига ёрдам сифатида пул йиғишни бошлагандан кейин бутун дунёга танилиб кетганди.    

“Биз қадрли отамиз, капитан сэр Том Мур вафот этганини катта қайғу билан эълон қиламиз”, деб маълум қилган марҳумнинг оиласи. 

Иккинчи жаҳон уруши фахрийси коронавирус асоратларидан вафот этди. У 31 январда Бедфорддаги шифохонага коронавирус инфекцияси билан ётқизилганди.

Мур пандемияга қарши курашаётган тиббий ходимларга ёрдам бериш учун минг фунт стерлинг тўплашга қарор қилганидан кейин у ҳақида бутун дунё хабар топганди. Ҳассага таяниб қолган қария бу мақсадда “челленж” эълон қилиб, ўз боғини ёшига тенг марта, яъни 100 марта айланиб чиқишга ваъда берганди. Бироқ у бу билан чекланиб қолмай, икки марта кўпроқ масофани босиб ўтганди. 

ОАВ фахрий ҳақида ёзишни бошлагандан кейин у ҳақида кўплаб одамлар хабар топиб, ундан илҳомланиб, хайр-эҳсон қилишни бошлашган. Натижада қария дастлаб режалаштирган маблағдан бир неча минг марта кўпроқ пул йиғишга муваффақ бўлган.  

Кейинроқ Британия қироличаси Елизавета II Мурга ушбу жонбозлиги учун миннатдорлик сифатида рицар унвонини берганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top