22:24 / 02.02.2021
5172
Смартфон батареясида ишловчи сунъий юрак ишлаб чиқилди

Франциянинг Carmat компанияси смартфонларда ишлатилувчи литий-ион батареяларда ишловчи сунъий юракни ишлаб чиқди. 

Фото: carmatsa.com

Unilad нашрининг хабар беришича, Aeson деб номланган сунъий юрак ўртача одам юрагидан 3 марта оғирроқ. Уни яратган компания 27 йилдан бери сунъий юрак ишлаб чиқиш устида ишлар олиб боради.      

Сунъий юрак датчиклар ва нормал қон оқишини таъминловчи гидравлик тизим билан жиҳозланган ҳамда жисмоний машғулотлар вақтида юқори суръатларни қўллаб-қувватлаш учун қон оқишининг тезлигини созлай олади. Бу эса ушбу юракни олганлар каравотга михланиб ётиш ёки доимий равишда махсус қурилмаларга уланган бўлиш ўрнига кунига 4 соатга яқин ҳаракатланишлари ва бир қурилмани 5 йилгача ишлатишлари мумкинлигини англатади.     

Carmat’нинг сунъий юраги инсон юраги вазифаларини бажаради ва қон оқишини енгиллаштирувчи 4та биологик клапан, 2та қоринча, 2та микронасос, датчиклар, ташқи қурилма, батарея ва қурилма ишлашини кузатиш учун пултни ўз ичига олади.  

Француз компанияси тўлиқ имплантация қилинувчи юракни юрак етишмовчилигининг охирги босқичидан азият чекувчи беморларда қўллашни режалаштирмоқда. Аввалроқ ушбу сунъий юрак ўрнатилган бемор ортидан 2 йиллик кузатув натижалари муваффақиятли бўлгани маълум қилинган.   

Компания сунъий юракни сотиш учун Европа мутасадди идораларининг рухсатини 10 йил кутишига тўғри келган. Шу тариқа, француз компанияси Европа тарихида сунъий юрак сотишга рухсат олган биринчи компания бўлди. Қурилма 2021 йил иккинчи ярмида бозорга чиқарилиши кутилмоқда.

Top