14:20 / 03.02.2021
3367
Марказий банк олтин нархи ўзгаришининг банк тизимига таъсири ҳақида маълумот берди

2020 йилнинг II ярмида банк тизими ликвидлигининг барқарор тенденцияси кузатилган. Бунга, асосан, олтин нархларининг сезиларли қимматлашиши ва муомаладаги нақд пул маблағларининг банк тизимига қайтиши ҳисобига эришилган.

Фото: Reuters

Марказий банк 2020 йилнинг II ярим йиллигидаги банк тизими ликвидлиги ҳақида маълумот берди.

МБ ахборотига кўра, 2020 йилнинг II ярим йиллигидаги банк тизими ликвидлиги мажбурий захиралаш меъёрларидаги ўзгаришлар, ички валюта бозорида талабнинг ортиши, қисқа муддатли пул-кредит сиёсати ва олтин нархларининг юқори даражада сақланиб қолиши фонида шаклланган.

III чорак бошида жорий этилган карантин (10 июлдан 15 августгача) сабаб, аҳолини қўллаб – қувватлаш мақсадида, ҳукумат харажатларининг ошиши ликвидликни оширувчи асосий омиллардан бири бўлган.

Бундан ташқари, I ярим йиллик давомида муомаладаги нақд пул маблағларининг ортиши (асосан пенсия тўловларининг нақд пулда берилиши ва пандемия сабаб пластик карталаридаги маблағларнинг нақдлаштирилиши) кузатилган бўлса, II ярим йилликда нақд пулларнинг банкка қайтиши ҳисобига ликвидлик ошган.

МБ томонидан пул-кредит сиёсати операцияларининг ўтказилиши пул бозоридаги фоиз ставкаларининг асосий ставкага яқин бўлишини таъминлаган.

2020 йилда банкларнинг ликвидлиги ва пул маблағларининг ўртача кунлик айланмаси ўртасидаги тафовут 2019 йилга нисбатан 38 фоизга қисқарган. Бу ликвидликни тақсимлаш самарадорлигининг ошганлиги ва пул бозоридаги операцияларининг ошганлигини кўрсатади.

Хусусан, тижорат банкларининг пул бозоридаги ўртача ойлик операциялари 2020 йилнинг II ярмида 6,4 триллион сўмни ташкил этган ва I ярим йилликка нисбатан 2,5 баробарга кўпайган.

2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигида ҳукумат операциялари банк тизими ликвидлигини 5,8 триллион сўмга оширган (асосан III чоракда 4,7 триллион сўм).

Одатдан ҳукумат операцияларининг банк ликвидлигига таъсири мавсумий характерга эга бўлиб, йилнинг I ва IV чоракларида даромадларнинг харажатлардан кўплиги ҳисобига ликвидликни камайтиради, II ва III чоракларда харажатларнинг кескин ортиши сабабли ликвидликни оширади.

2020 йилнинг II ярим йиллигида жаҳонда коронавирус пандемияси сабаб олтиннинг нархи ошиб борган ва 1 троя унция учун 1 900-2 000 доллар атрофида шаклланган. Натижада олтин экспортининг ошиши сабаб , II ярим йилликда Марказий банк томонидан ишлаб чиқарувчиларга жами 32,5 триллион сўмлик тўловлар амалга оширилган.

МБ маълумотлари бўйича, юзага келган ликвидлик ички валюта бозорига интервенциялар орқали стерилизация қилинган. Натижада МБнинг II ярим йилликдаги ички валюта бозорига соф интервенциялари 31,7 триллион сўмни ташкил этиб, қимматбаҳо металл хариди натижасида юзага келган ортиқча ликвидликнинг 98 фоизи стерилизация қилинган.

2020 йилнинг II ярим йиллигида пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши ва фуқароларнинг хорижий валюта сотиб олиш ҳажми ошиши билан нақд пулларнинг банк тизимига қайтиши кузатилган. Хусусан, июл-декабр ойларида муомаладаги нақд пуллар 3,5 триллион сўмга ёки 12,4 фоизга қисқарган ва ликвидликка таъсири 6,3 триллион сўмни ташкил этган.

«Ликвидлик» – моддий бойликларни ва бошқа активларни тез сотиш ва молия воситаларига айлантириш қобилиятини англатади. Ушбу тушунчага яқин – «тўлов қобилияти» банк томонидан ўз тўлов мажбуриятларининг вақтида ва тўлиқ бажара олиш қобилиятини билдиради. Демак, ликвидлик тўлов қобилиятининг зурурий ва мажбурий шароитидир. Яъни, тижорат банки ликвидлиги деганда — активларни нақд пул сифатида ишлата олиш ёки зудлик билан уларни нақд пулга айлантириш имконияти ёхуд қобилияти тушунилади.

Top