18:05 / 10.02.2021
2184
Коронавирус: Johnson & Johnson вакцинаси ҳақида нималар маълум?

Компания рухсат олиши билан вакцина етказиб беришни бошлайди. 2021 йилда бир миллиард доза вакцина ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Фото: Picture-alliance

Американинг Johnson & Johnson концерни АҚШ озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари сифатини назорат қилиш бошқармасига (FDA) коронавирусга қарши ишлаб чиққан вакцинасидан зарур ҳолларда фойдаланилишига рухсат беришни сўраб ариза берди. Худди шундай ариза Европа дори воситалари агентлигига (EMA) ҳам берилган. Концерн вакилининг сўзларига кўра, EMA март охирига қадар ижобий хулоса бериши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Johnson & Johnson вакцинасининг учинчи босқич клиник синовлари натижаларига кўра, у билан эмлангандан сўнг тўрт ҳафта ўтгач ўрта ва оғир даражадаги ковидга чалиниш эҳтимоли 66 фоизга камаяди.  

Маълумот берилишича, 44 минг киши қатнашган учинчи босқич синовлари мазкур вакцина ёшларга ҳам, кексаларга ҳам бирдек самарали эканлигини кўрсатган. Синовларда қатнашганларнинг учдан бир қисми 60 ёшдан катталар бўлиб, ўлим ёки шифохонага ётқизилиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Ушбу вакцина билан бошқа вакциналар сингари икки марта эмас, бир марта эмланади. Бундан ташқари, таъкидланишича, Johnson & Johnson вакцинасини оддий музлаткичда сақлаш ва ташиш мумкин. 

Компания FDA рухсат бериши билан вакцина етказиб беришни бошлайди. 2021 йилда бир миллиард доза вакцина ишлаб чиқариш режалаштирилган. Вакцина АҚШ, Европа, Ҳиндистон ва Жанубий Африкада ишлаб чиқарилади.

АҚШ 100 млн доза вакцина олади, бундан ташқари, қўшимча 200 млн доза вакцинага буюртма берган. ЕИ 400 млн доза вакцинага буюртма берган.

Top