19:17 / 11.02.2021
7404
Тошкент шаҳри ва вилояти чегарасидаги ер низоси: Шаҳар суди сохта хатга асосан чиқарган қарор Олий судда бекор бўлди

Kun.uz 2020 йил 20 ноябр куни «Тошкент вилояти ва пойтахт ўртасида 1,1 гектар ер «талаш» бўляпти. Суд сохта ҳужжатга асосан қарор чиқарган» номли мақола эълон қилган эди.

Мақолада Сергели туманидаги «DRIVER’S VILLAGE» автосалони яқинида, Тошкент ҳалқа айланма йўли бўйида жойлашган 1,1 гектар ер майдони тадбиркорлар ўртасида низо келтириб чиқараётгани ҳақида маълум қилинганди.

Шунингдек, низоли ҳудуд 2018 йил ҳолатида пойтахт ёки Тошкент вилояти ҳудудига киргани масаласи сўроқ остида қолаётгани, Тошкент шаҳар маъмурий суди (апелляция суди) Кадастр агентлиги номидан жўнатилган шубҳали хатга асосан қарор чиқаргани ҳақида сўз борганди.

Иш бўйича низолашув Олий судгача етиб келди.

Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати иш ҳужжатларини ўрганиб, қуйи судлар иш юзасидан қарор қабул қилишда ишни мазмунан тўғри ҳал қилиш учун барча ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, шошма-шошарликка йўл қўйган, деб топди.

Олий суд қарорига кўра, аризачи – «FFT» МЧЖ ҳамда учинчи тараф – «MTS» МЧЖга (фирма номлари шартли равишда қисқартирилган) ажратилган ер участкалари битта ҳудуддан, яъни Зангиота тумани ҳудудидан ажратилгани ва ушбу ер участкалари устма-уст тушгани ҳолатини аниқлаш иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлса-да, ушбу ҳолат судлар томонидан етарлича аниқланмай туриб, Тошкент шаҳар ҳокимининг «MTS» МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги 2018 йил 30 ноябрдаги 1717-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Бу шуни англатадики, низоли ер участкалари битта ҳудуддан ва устма-уст ажратилгани аниқ далил ва мутахассисларнинг тегишли хулосаси билан тасдиқланган тақдирдагина Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган пайтда ушбу ер участкаси қайси маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳар ёки Тошкент вилояти) жойлашгани масаласига ҳуқуқий баҳо бериш мумкин бўлади.

Аввалги мақолаларимизда айтилганидек, ушбу ташкилотларга ажратилган ер участкалари бир ҳудуддан устма-уст ажратилгандагина улар судда тараф бўла олиши мумкин. Йўқса, суд кейинги масалага ўтолмайди ва ўз-ўзидан Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш масаласини ҳал қилишга ҳам ваколатли бўлмайди.

Олий суд Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан Кадастр агентлиги номидан жўнатилган 2020 йил 2 октябрдаги 03-05-8349-сонли хатга асосан, низоли ер участкаси Тошкент вилоятининг маъмурий ҳудудида жойлашгани тўғрисида хулосага келинганига ҳам тўхталиб ўтган.

Жумладан, маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати Кадастр агентлигининг юқоридаги хати судга юборилмагани, аксинча агентликнинг 2020 йил 6 октябрдаги 03-05-8385-сонли хати судга юборилгани маълум қилинганини инобатга олиб, Тошкент шаҳар маъмурий суди Кадастр агентлиги номидан жўнатилган шубҳали хатга асосан шошма-шошарлик билан қарор қабул қилган, деб топди.

Ишни кўриш якунида Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 2 февралдаги қарорига асосан Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 21 октябрдаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборилди ҳамда суд ишни янгидан кўришда қайд этилган камчиликларни бартараф қилиб, барча ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, қонуний қарор қабул қилиши лозимлиги таъкидланди.

Ушбу низо бўйича воқеалар ривожи билан Kun.uz'нинг қуйидаги мақолалари орқали танишинг:

Top