14:35 / 12.02.2021
2591
Брюссель пандемияга қарши курашиш доирасида йўл қўйган хатоларини тан олди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европарламентдаги чиқишида расмий Брюсселнинг европаликларни эмлаш бўйича танқидга учраётган стратегиясини оқлашга ҳаракат қилди. Шу билан бирга, хатоларга йўл қўйилганини ҳам тан олди.

Шунингдек, Евроиттифоқ сарҳадларидан вакцина олиб чиқиб кетишга йўл қўймаслик ҳақида ҳам гап кетган. Бу мавзу жанжалларга сабаб бўлгач, қайта кўриб чиқилди. Бундай чора Ирландия чегарасида чегара ва божхона назорати тикланишига сабаб бўлиши мумкин эди. Бу эса ўз навбатида оролдаги ҳеч ким учун манфаатли эмас.

«Ирландия ороли ҳақида бир оғиз гап айтишга изн беринглар. Гап шундаки, иш жараёнида хатога йўл қўйилди ва шундай қарорга келинди. Бундан қаттиқ афсусдаман. Охир-оқибат ҳаммасини тўғриладик.

Сизларни ишонтириб айтишим мумкинки, мен бошчилигимдаги комиссия Буюк Британия Евроиттифоқдан чиқиш жараёнида қилганимиз каби Шимолий Ирландияда тинчлик сақланиши учун қўлдан келганини қилади», деган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссияда, шунингдек, эмлаш кампанияси билан боғлиқ мураккаб жараёнларга тўғри баҳо берилмаганини тан олишди. Хусусан, вакцина ишлаб чиқариш бўйича ўта некбин бўлингани ва амалда препаратни тасдиқлашда анча кечикилгани айтиб ўтилган.

Фон дер Ляйен расмий Брюссел айни дамда Евроиттифоқ давлатларида вакцинани рўйхатдан ўтказишни тезлаштириш ниятида эканини билдирди.

«Биз Европа дори препаратлари агентлиги (ЕМА) клиник синовлар натижалари ҳақидаги маълумотни тезроқ ола билиш учун маълумотлар алмашинувини яхшилашимиз даркор. Ҳозирда ихтиёримизда синовлар ўтказилаётган Европанинг касалхоналар тармоғи бор. Бу билан бир вақтнинг ўзида соғлиқни сақлаш бўйича вакилимиз Стелла Кириакидис текширув ва лицензиялаш жараёнларини тезлаштириш учун ҳуқуқий асослар устида ишлайди», деган у.

Европаликлар айни дамда Евроиттифоқда тасдиқдан ўтган Pfizer, Moderna ва AstraZeneca вакциналари билан эмланмоқда. Ундан ташқари, Johnson&Johnson, Sanofi-GSK ва CureVac компаниялари билан ҳам шартномалар тузилган. Аммо охирги уч компания ўз препаратларини тасдиқдан ўтказиш учун ҳали ариза топширишмаган. Таъминот масаласида муаммоларга қарамай, расмий Брюссел ёз охирларига бориб Евроиттифоқда аҳолининг 70 фоизи эмланиши кутилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top