09:55 / 12.02.2021
4445
“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси томонидан Устюртда табиий газ қазиб чиқарилиши, ишчи-ходимларнинг яшаш ҳамда ишлаш шароитлари ўрганилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Устюртда жойлашган Жамиятга тегишли объектларда янги истиқболларни аниқлаш ва ўзлаштиришга қаратилган ишларнинг ҳолати ўрганилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг нефть ва газ маҳсулотларига бўлган талабини қондиришни таъминлаш мақсадида, углеводород хомашёсини қазиб чиқаришни ошириш борасида бир қатор қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу мақсадларда бажарилган ишлар доирасида 2021 йилнинг январь ойида Устюрт регионининг “Қуйи Сургил” конидаги 14-сонли қудуқда янги истиқболли қатламлар аниқланиб, уларда нефть ва газнинг мавжудлигини синаш натижасида кунлик 900 минг куб метр табиий газ ва 20 тонна газ конденсати маҳсулотлари олишга эришилди.

Бошқарув раиси Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида, “Қуйи Сургил” конида бўлди ва ҳозирда 5-излов ва 20-ишлатиш қудуқларида амалга оширилаётган бурғилаш ишлари билан яқиндан танишди.

Геологик маълумотларнинг таҳлили асосида 5-қудуқни 4250 метрга чуқурлаштиришга қарор қилиниб, ҳозирда 4080 метргача бўлган масофада бурғилаш ишлари ўрганилди.

Бошқарув раиси томонидан “Қуйи Сургил” 5-сонли қудуғида мукаммал таҳлилларни амалга ошириш орқали, коннинг чуқур геологик тузилишини ўрганиш, маҳсулдор қатламнинг истиқболларини, шунингдек, янги нефть ҳамда газга истиқболли қатламларини баҳолаш ҳамда саноат миқёсидаги углеводород захираларини ўстириш бўйича топшириқлар берилди.

“Қуйи Сургил” конида саноат миқёсида ўзлаштириш ишлари жадал давом эттирилиб, ушбу региондаги бошқа бир қатор конларнинг ҳам қўшимча, янги истиқболларини очиш белгилаб олинди.

“Ишчи гуруҳ” аъзолари ташриф давомида “Шарқий Бердақ” конидан углеводородлар қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида, олиб борилаётган ишлар, шунингдек, янги 91-, 92-сонли қия йўналтирилган қудуқлардаги бурғилаш ишлари ҳолатини бориб кўришди.

Ушбу қудуқларнинг “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича табиий газ қазиб чиқаришни таъминлаш борасида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этилиб, улардаги бурғилаш ишларининг ҳар бир жараёнларини олдиндан пухта тайёргарлик кўрган ҳолда, мукаммал бажариш лозимлиги ва бу ишларга барча зарур ресурсларни жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Бурғилаш ишлари тугатилганидан сўнг, қудуқлардаги ҳар бир маҳсулдор қатламларнинг синаш ишларини алоҳида дастур асосида юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда амалга ошириш бўйича тегишли вазифалар берилди.

Шу куннинг ўзида табиий газ қазиб чиқарилишини оширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида “Шарқий Бердақ” сиқув компрессор станциясида қилинаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар ўрганилди.

Бу ерда амалга оширилаётган модернизация ишлари бирма-бир кўриб чиқилиб, ишчи-ходимлар билан мулоқот ўтказилди. Уларнинг мавжуд муаммолари аниқланди ва жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Бошқарув раиси ишчи-ходимлар билан яқиндан суҳбат қурди, улар учун нималар қилиниши билан қизиқди ҳамда уларнинг шароитларини янада яхшилаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Ушбу топшириқлар ижросини шахсан ўзи назорат қилишини билдирган Бошқарув раиси, ишчи-ходимларга машаққатли меҳнатлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва улар учун ҳар доим ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Таъкидлаш керакки, бу сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси “Шарқий Бердақ” ва “Шимолий Бердақ”, “Арслон” ҳамда “Ином” газ конларидан келаётган кам олтингугуртли табиий газларнинг босимини кўтаришдир.

Шу билан бир қаторда, “Шарқий Бердақ” газни комплекс тайёрлаш қурилмасининг кириш қисмидаги босим ҳам бир меъёрга келтирилади.

Конлардаги паст босимли газларни қазиб олиш орқали газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш мақсадида, станциядаги газ ҳайдаш агрегатининг компрессорларида модернизация ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Модернизация ишлари жараёнида компрессорнинг ички қисмлари ечиб олиниб тозаланди ва профилактика ишлари бажарилди. Эндиликда янги “СПЧ” ускуналарини ўрнатиш ва компрессорни қайта йиғиш ишлари амалга оширилади.

Ушбу агрегатдаги барча автоматик қурилма ва ўлчаш ускуналари назорат текширувидан ўтказилди ҳамда бир қанча техник жиҳатдан мураккаб ҳисоблашлар асосида таъмирлаш ва созлаш ишлари олиб борилди.

“Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан модернизация жараёнлари барча зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминланганлигини эътиборга олган ҳолда, тегишли мутахассисларга ишларни қисқа вақт ичида якунлаш, станцияни захира агрегат билан таъминлаш борасида тегишли топшириқлар берилди.

Станциянинг келгусида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида, омборхоналарда зарур эҳтиёт қисмларнинг соз ҳолатда сақланишини ва белгиланган меъёрлар асосида ишлатишни назорат қилиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари икки кун давомида Устюртда бўлиб, табиий газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш борасида қилинаётган ишлар ҳолатини ўрганиш мақсадида, Бухоро вилоятида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига жўнаб кетди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Top