17:26 / 13.02.2021
3350
«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухорода табиий газ қазиб чиқарилиши ва қайта ишланиши ҳолатини ўрганди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг Устюрт ҳудудидаги табиий газ қазиб чиқарилиши ҳолатлари бўйича ўрганиш ишлари якунланиб, Бухоро вилоятидаги Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси конларида давом эттирилди.

Газли ҳудудида, аввало, табиий газ қазиб чиқариш ва газни тайёрлаш қурилмаларининг ишлаши ҳамда барқарорлигини таъминлаш билан сифатли газ етказиб бериш учун олиб борилаётган модернизация лойиҳалари ўрганилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан бугунги кунда истеъмолчилар ва иқтисодиёт тармоқларининг нефть ва газ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, углеводород хомашёсини қазиб чиқариш ҳажмини ошириш борасида амалий ишлар қилинмоқда.

Ушбу лойиҳалардан бири сифатида, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг «Янгиқазғон» конидаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида газ сифатини талаб даражасида тайёрлаш ҳамда бошқарув жараёнларини автоматлаштириш бўйича модернизация ишларининг олиб борилаётганини айтиб ўтиш жоиздир.

«Янгиқазғон» кони 1967 йилда ишга туширилган бўлиб, қазиб олинаётган табиий газ дастлабки тайёрлаш қурилмасидаги мавжуд 3 дона сепараторларда қатлам сувлари, механик бирикмалар ва газ конденсатидан тозаланиб, «Ўзтрансгаз» АЖга қарашли магистраль қувурларга узатилиб келинмоқда.

Истеъмолчиларни тоза, сифатли табиий газ билан таъминлаш, ажратиб олинаётган газ конденсатини қайта ишлашга жўнатишга тайёрлаш ва узатилаётган табиий газ ҳисобини юритиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида, жорий йилда ушбу кондаги Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу модернизация ишлари ҳолатини ўрганиш ва тезкор тугатиш мақсадида, Бошқарув раиси ушбу конга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ишларнинг ҳар бир жараёнларини ўрганиб чиқди, шу билан бирга, табиий газ сифат кўрсаткичларини яхшилаш, углеводородлар ҳажмини оширишни таъминлаш мақсадида, барча зарур ресурсларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Бошқарув раиси кон бошлиғи ҳамда конда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар билан суҳбатлашди. Ишчи-ходимларнинг ишлаш ва яшаш шароитлари ўрганилиб, мавжуд муаммолар аниқланди.

Муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш, табиий газ қазиб чиқарилишида самарали меҳнат қилаётган ходимларни рағбатлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

«Нефть-газ қурилиш ва таъмирлаш» АЖ қурилиш ва пайвандлаш жамоаси ходимлари томонидан олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларини тез орада якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шу билан бир қаторда, «Янгиқазғон» ва «Ёрқин» конларидан табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича газни етказиб бериш жараёнларида технология йўналишида олиб борилган ишлар жойида ўрганилиб, ишлаб чиқилган геологик-техник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Ишчи гуруҳ жорий йилда Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан бажарилиши лозим бўлган вазифаларнинг бугунги кундаги ижро ҳолати билан танишди.

Бошқарма томонидан ҳозирги кунда жами 29 та конда табиий газ қазиб чиқариш ишлари олиб борилаётгани, шулардан 22 таси 234 та қудуқ билан ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этаётган бўлса, яна 7 та конда геология-қидирув ҳамда конларни ўзлаштиришга тайёрлаш ишлари бажарилаётгани борасида Бошқарув раисига ахборот берилди.

Таъкидлаб ўтиш керакки, 2021 йилда 55 та қудуқни бурғилаш ва 120 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 8 та қудуқ бурғиланди, 4 та қудуқ эса капитал таъмирланиб ишга топширилди. Ўтиб бораётган февраль ойида яна 4 та қудуқнинг бурғиланиши ва 5 та қудуқ капитал таъмирланиб, ишлатишга топширилиши ҳам маълум қилинди.

Бошқарув раиси томонидан «Чаккақум», «Ғарбий Ҳаққул» ва «Ҳаққул» конларида 18 терриген Юра қатламларида саноат миқёсидаги газ оқими олинганини инобатга олиб, «Шимолий сузма» конидаги 15 карбонат Юра қатламига қазилган қудуқларни ҳам, 18 қатлам терриген Юра ётқизиқларигача чуқурлаштириб, янги истиқболларини очиш борасида ишларни давом эттириш кераклиги айтилди.

Ташриф давомида Бошқарув раиси ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан «Газли» газни қайта ишлаш заводидаги технологик жараёнлар, автоматлаштириш, Дастур бўйича газни қайта ишлаш жараёнларининг узвий қисми бўлган инфраструктуравий технологик объектларни ишга тушириш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати ҳам ўрганилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Top