09:17 / 13.02.2021
8783
«Ташаккурларимни президентимизга етказиб қўйинглар...» – ССВ мутахассислари Наманганда юра олмай қолган аёлларни муваффақиятли операция қилишди

«Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида Наманганда бўлиб турган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари юра олмай қолган икки аёлни муваффақиятли жарроҳлик амалиёти орқали оёққа қўйишди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Наманган шаҳридаги «Машраб» маҳалласи Ёғду кўчасида истиқомат қилувчи Дилбар Қодирова 19 йилдирки мустақил юриш имкониятидан маҳрум эди. Чаноқ сон бўғими соҳасидаги суякнинг емирилиши оқибатида бир йилдан бери қўлтиқтаёққа михланиб қолганди. 

«Тошкент шаҳридан таниқли шифокорларнинг уйимга кириб келишларини ҳеч қачон кутмаган эдим. Лекин бу тушим эмас, ўнгим эди. Пойтахтлик профессорлар ҳолатим билан обдон танишишди. Касалликни фақат жарроҳлик йўли билан даволаш мумкинлигини айтишди.

Тўғриси, мен бу ноёб операция ҳақида  илгари ҳам эшитгандим, лекин маблағимиз етмагани сабабли операция қилдиролмагандик. Турмуш ўртоғим «электросет»да ишлайди, 2 нафар фарзандимиз бор. Рўзғордан, болаларнинг эҳтиёжидан орттиролмадик. Шунинг учун қанчалик қийналсам-да, қўлтиқтаёққа суяниб қолганман. Қўлтиқтаёқда юриш ҳам майли, юрганимда иккала оёғим ҳам зирқираб оғрийдики, кўз ёшларимни ҳатто яқинларимга ҳам кўрсатолмасдим.

Тошкентдан келган профессор Мурад Ирисметов биздай ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга юртбошимиз томонидан жуда кенг имкониятлар яратилгани, мен учун керакли тиббий амалиёт бепул ўтказилишини айтганларида ўзим, фарзандларим, айниқса, кекса ота-онам, барчамиз йиғладик. Қувончдан йиғладик. Менга мустақил юриш бахтини улашиш учун хонадонимга ташриф буюрган соғлиқни сақлаш ходимларини туни билан дуо қилиб чиқдик.  

Бугун шифохонага жойлаштиришди. Амалиёт учун керакли тайёргарликларни кўришяпти. Саноқли дақиқалардан кейин операция столида бўламан, жудаям ҳаяжондаман, ахир ўн йиллик орзуларим ушаляпти, юртимиз шифокорлари дардимга дармон бўлаётганидан миннатдорман, иложи бўлса ташаккурларимни президентимизга етказиб қўйинглар...», деди Дилбархон Қодирова ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда.

Дилбархон Қодирова муваффақиятли ўтган жарроҳлик амалиётидан сўнг.

Наманган шаҳридаги «Янги ҳаёт» маҳалласи, Заркент кўчасидаги 12-уйда яшовчи Ёқутхон Абдуллахонова 2020 йил 1 апрелида бахтсиз тасодиф туфайли йиқилиб тушган, унинг оқибатида сон суяги синиб, битмаган. Мана ўн ойдирки, тўшакка михланиб қолган эди.

«Кеча уйимизга бир гуруҳ шифокорларнинг кириб келиши мени жудаям ҳаяжонлантирди. Улар ҳол-аҳволимни сўраб, оёқларимни кўздан кечиришди. Тўғриси, ўтган йили ёмғирда сирпаниб кетиб, йиқилиб тушганимда, шифохонада даволангандим. Кейин шифокорлар хориждан сунъий бўғим сотиб олиш кераклигини айтишди, пулимиз йўқлиги сабабли операция қилдиролмадик. Ўғлимнинг ҳам қўли калталик қилди. 

Ўшандан буён сиқиламан, тушкун аҳволдаман. Чунки 14 йилдан буён «Аснам Текстил»да фаррош бўлиб ишлаётгандим. Ёлғиз ўзим 2 нафар фарзандимни вояга етказгандим. Эндигина пенсия ёшига етай деганимда, йиқилиб тушиб, тўшакка ётиб қолдим. Илтижоларим Аллоҳга етиб борди, врачлар мени бепул операция қилишларини айтишганларида ҳайратландим. Ахир, қимматбаҳо операция-я!

Президентимизнинг ёлғиз, эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида телевизорда эшитиб, юрагим энтикканди. Лекин ўзим ҳам ана шу меҳр-у муҳаббат, эътибор ва ғамхўрликка сазовор бўламан, деб ўйламагандим. Бугун мендан бахтли аёл, мендан бахтли она, мендан бахтли буви бўлмаса керак. Халоскорларим касалликдан фориғлантириш учун ўзлари уйимдан опкелишиб, хизматга шай туришибди. Шифохонадаги бир-биридан самимий, ширинсўз, меҳридарё беминнат шифокорларни кўргач, юрагимдаги қўрқув йўқолиб, ўзимга ишончим ортяпти. 

Насиб қилса, жарроҳлик амалиётидан оилам, фарзандларим бағрига ўз оёқларим билан эсон-омон чиқиб бораман», дейди у.

Ёқутхон Абдуллахонова

Дарҳақиқат, инсон ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган чаноқ сон бўғими шикастлари ва касалликлари билан оғриганларни оператив даволашнинг ягона усули — шикастланган жойни сунъий бўғимга алмаштириш. «Темир дафтар»га киритилган беморлар Дилбар Қодирова ва Ёқутхон Абдуллахонованинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва соғлом ҳаётга қайтариш юқори технологик операцияни талаб қиларди. 

«Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали травматология бўлимида пойтахтлик мутахассислар маҳаллий шифокорлар билан биргаликда Д. Қодировада «Коксаартроз, чап чаноқ сон бўғимини тотал эндопротезлаш», Ё. Абдуллахонова эса «Ўнг сон суяги бўйнидан синишидан кейинги сохта бўғими» ноёб амалиётини ўтказишди. 

Республика ихтисослаштирилган травматология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурад Ирисметов, марказнинг бўлим раҳбари Азиз Алимовга РШТЁИМ Наманган филиали травматология бўлими мудири Неъматжон Юсупов, травматологлар Шоҳрух Қобулов, Акмалхон Мамадалиев ҳамроҳлик қилишди. Ҳар икки бемордаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.

Top