19:59 / 15.02.2021
6676
Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон миллий жамоаси Иорданияни мағлуб этди

Ўзбекистон миллий жамоаси БААдаги йиғин доирасидаги иккинчи ўртоқлик учрашувини Иордания миллий жамоасига қарши ўтказди.

Дубайдаги БАА футбол ассоциацияси стадионида кечган учрашув кескин курашлар остида бошланиб, 12-дақиқадаёқ рақиб футболчиси Темурхўжа Абдухолиқовни юзига ургани учун майдондан четлатилди. 

Вадим Абрамов шогирдлари сон жиҳатдан майдонда иорданияликлардан бир киши кўп бўлишса-да, биринчи бўлим тенгкурашлар остида кечиб ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйиндаги вазият тезда ўзгармади. Ниҳоят, Абрамовнинг таркибдаги ўзгариши натижа берди. 69-дақиқада Ҳожимат Эркинов ўрнига Ҳусниддин Ғофуров майдонга тушгач, у Ойбек Бозоровнинг узатмасидан кейин дастлабки уринишидаёқ Иордания дарвозасини ишғол этди – 1:0.

80-дақиқага келиб яна ўша Ойбек Бозоровнинг дарвозабонни доғда қолдириб, жарима майдони ичида тўпни Темурхўжа Абдухолиқовга етказиб берганидан кейин 11-рақамли футболчи рақиблар дарвозасини ишғол этди – 2:0.

Ўйин охиригача яна бир қатор голли вазиятлар яратилган бўлса-да, ўртоқлик учрашуви Ўзбекистон миллий жамоасининг иккита тўп фарқидаги ғалабаси билан якунланди.

15 февраль (душанба)
Ўртоқлик учрашуви. Дубай. БАА ФА стадиони.
Ўзбекистон – Иордания – 2:0
Гол
: Ҳусниддин Ғофуров 71, Темурхўжа Абдухолиқов, 80.
Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Ҳожиакбар Алижонов (Мурод Холмуҳаммедов, 46), Ислом Тўхтахўжаев (Игорь Голбан, 84), Ислом Қобилов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Одил Ҳамробеков, Санжар Қодирқулов (Нурилло Тўхтасинов, 86), Акмал Мозгавой (Вагиз Галиулин, 46), Азиз Турғунбоев (Ойбек Бозоров, 46), Ҳожимат Эркинов (Ҳусниддин Ғофуров, 69), Темурхўжа Абдухолиқов.
Захира: Ботирали Эргашев, Фаррух Сайфиев, Ойбек Рустамов, Миржаҳон Мираҳмадов, Ҳусниддин Алиқулов.
Четлатиш: Иорданиялик яримҳимоячи, 12.

Top