20:30 / 17.02.2021
3626
Эдинбург герцоги шифохонага ётқизилди

Лондонда Эдинбург герцоги, қиролича Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи 99 ёшли шаҳзода Филипп шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Букингем саройи матбуот хизматига асосланиб АР нашри хабар бермоқда.

Шаҳзода Филипп ўзини ёмон ҳис қила бошлагач, 16 феврал куни кечқурун қирол Эдуард VII номидаги хусусий клиникага жойлаштирилган. Сарой матбуот хизмати герцогнинг шифохонага ётқизилишини шошилинч эмас, эҳтиёт чораси сифатида баҳолаган, шахсий шифокор шуни тавсия қилгани қайд этилган.

Шаҳзода кўрик учун олиб борилгач, бир неча кунни шифокорлар кузатувида ўтказадиган бўлган.

Январ ойида қиролича ва унинг турмуш ўртоғи коронавирусга қарши эмланганди. Тахт вориси, шаҳзода Уэльский ва унинг рафиқаси Камилла феврал ойи бошида вакцинанинг илк дозасини қабул қилишди. Шаҳзода Чарльз 2020 йилнинг баҳорида коронавирусга чалинганди.

BBC News манбаси хабар қилишича, Эдинбург герцоги ўзини ёмон ҳис қилиши коронавирус билан алоқадор эмас. Қиролича Виндзор қасрида қолган.

Шаҳзода Филипп шу йилнинг 10 июнида 100 ёшни қаршилайди. У 2017 йилдан кейин оммавий тадбирларда иштирок этмай қўйган, у ўша йили йўл-транспорт ҳодисасига йўлиққач, автомобил ҳайдашни бас қилган.

2011 йилда герцог қон томирларидаги муаммо туфайли шошилинч равишда жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, 2018 йилда у яна жарроҳлик столига ётган. Сўнгги марта у 2019 йил декабрида шифохонага олиб борилган, ўшанда у профилактика мақсадида режали равишда даволангани маълум қилинганди.

Пандемия бошидан буён қиролича Елизавета II Виндзор қалъасида ўзини изоляция қилган. У ҳужжатлар билан ишламоқда, телефон мулоқотлари ўтказмоқда ва видео-конференцияларда иштирок этмоқда. Шу билан бирга, унга 24 ходим хизмат кўрсатмоқда - смена бўйича 12 нафардан. Смена аввалида улар бир ҳафта давомида ўзларини иҳоталашади ва коронавирус тестини топширишади. Улар уч ҳафтадан ишлашади.

2020 йил октябрида қиролича илк марта ўзини иҳоталаш режимини тўхтатиб, Скрипалнинг «Новичок» билан заҳарланиши бўйича ишни тадқиқ қилган Портон-Даун лабораториясининг ҳарбий экспертлари билан учрашганди.

Хабар қилишларича, декабрда қиролича ва унинг турмуш ўртоғи илк марта Виндзорда Рождествони оиланинг қолган аъзоларисиз ўтказишган.

Top